Hyperloop тезюрар транспорт ғоясини таклиф қилган Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари Илон Маск бу тизимнинг ўз вариантини қуришга қарор қилди. Бу ҳақда тадбиркорга яқин бўлган манбага иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда. Hyperloop’нинг ўз вариантларини Маск компанияси билан бевосита боғлиқ бўлмаган икки компания яратмоқда. 

Маълум қилинишича, Маск ўзининг Boring Company компанияси ёрдамида нафақат туннеллар бурғиламоқчи, балки Hyperloop тизимини қурмоқчи. Маскнинг SpaceX компаниясига Hyperloop савдо маркасига ҳуқуқлар тегишли бўлиб, ундан бошқа компанияларга қарши ном учун баҳсларда фойдаланиш мумкин.

2017 йил июлида Маск АҚШ ҳукуматининг Hyperloop ер ости тизимини яратишга "оғзаки тасдиғини" олганини маълум қилганди. Бу ер ости тизими Нью-Йоркдан Вашингтонга йўлни 29 дақиқада босиб ўтишга имкон беради. Бироқ маҳаллий ҳукумат Маскнинг бу сўзларини шубҳа остига олган.

Маск Hyperloop ғоясини 2013 йилда маълум қилган ва буни тадбиркорларни бу лойиҳани муҳокама қилиш ва амалга оширишга жалб қилиш истаги билан тушунтирган. Ўшанда у бундай тизимни яратишга вақтини кетказмаслигини, чунки барча эътиборини SpaceX ва Tesla’га қаратмоқчилигини айтган. 

2016 йил охирида Маск туннеллар бурғилаш ва бу жараённи тезлаштириш усуллари билан шуғулланувчи The Boring Company компаниясини яратишини эълон қилган. Тахминларга кўра, бу туннелларда тирбандликларни тез енгиб ўтиш учун автомобилларни аравачаларда ташувчи тизим пайдо бўлади.

Hyperloop тизими юк ва одамларни қисман вакуумга эга қувурларда жойлашган капсулалар ёрдамида ташишни кўзда тутади. Бу назарий жиҳатдан соатига 1200 км тезлик билан ҳаракатланишга имкон беради.

Ҳозир бундай тизимни яратиш билан Hyperloop Transportation Technologies ва Hyperloop One шуғулланмоқда. Hyperloop One’га россиялик тадбиркор Зиёвудин Магомедов сармоя киритган. Яқинда бу тизим синови вақтида капсулани соатига 310 км гача тезлаштиришга эришилди.

Маск компанияси Hyperloop’нинг ўз версиясини яратмоқчи эканлигини тасдиқлади.

"Биз бошқа компаниялар муайян тараққиётга эришганидан хурсандмиз, бироқ биз яқин орада бу лойиҳани тезлаштиришни истаймиз. Биз Hyperloop’нинг ўз версияларини яратаётган бошқа ташкилотларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз ва улар буни ҳалол амалга оширгунларига қадар уларга бизга тегишли номдан фойдаланишни тақиқламоқчи эмасмиз", деб айтилган компанияда.