Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2017 йил 8 август куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 22:00да Россия Федерацияси Оренбург вилоятининг Нижняя Павловка – Холодние Ключи йўлининг 12-километрида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Йўлда “Mercedes” микроавтобуси ва “Chevrolet Lanos” енгил автомобили тўқнашган. Россия ФВВ маълумотларига кўра, “Chevrolet Lanos” автомобилидаги 2 нафар Россия фуқароси вафот этган. Микроавтобусда бўлган 13 нафар Ўзбекистон фуқароси енгил жароҳат олган. Микроавтобус йўловчилари шаҳар ва туман касалхоналарига етказилган ҳамда тиббий кўрикдан сўнг қўйиб юборилган.

Элчихона консуллик бўлими ушбу ҳодиса натижасида жабр кўрган Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Маҳаллий ҳокимият билан, жумладан вилоят губернатори ва Оренбург тумани маъмурияти билан алоқа ўрнатилган.

Аввалроқ Оренбург яқинида ўзбекистонлик фуқаролар бўлган микроавтобус ЙТҲга учрагани хабар қилинганди.