Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Рассомлар ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Фонднинг асосий вазифалари сифатида:

Ўзбекистонда маданият, санъат ва журналистикани ривожлантиришга маблағларни тўплаш ва йўналтириш, тегишли дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш; 

Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси таъминоти ва фаолияти билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш, уларнинг аъзолари бўлган соҳа фахрийларига манзилли моддий ёрдам кўрсатиш;

Фонд томонидан молиялаштирилувчи муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг тасарруфида бўлган кўчмас мулкни бошқариш, Фонднинг маблағларидан унинг устав вазифаларини бажаришда манзилли ва самарали фойдаланиш.

Қарор билан Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Илҳом” жамоат фондининг Васийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ; Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Илҳом” жамоат фондининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Белгиланишича, Фонднинг ижро этувчи органи ижрочи директор бошчилигидаги Ижро дирекцияси бўлиб, у Фонд Васийлик кенгаши томонидан лавозимига тайинланади ва ундан озод этилади.

Фонд Васийлик кенгаши раисига Фонд томонидан молиялаштирилувчи муассасалар раҳбарлари бўйича, ушбу муассасаларнинг тузилмасига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф киритиш ҳуқуқи берилди. 

Фонд маблағларини ташкил этиш бўйича манбалар бўйича: 

Фондга Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳудудий бўлинмалари ходимларининг иш ҳақига тўлов қилиш учун ажратилувчи бюджет маблағлари; Фондга берилувчи ижод уйларининг ижарага берилиши, Фонднинг вақтинчалик эркин маблағларини жойлаштириш; юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари; қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланди.

Шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Фонд ҳисоб рақамига хайрия асосида 7 миллиард сўмни; Молия вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Олий судининг Фондга ноқонуний йўл орқали олинган даромадларни мусодара этиш ҳисобидан 13 миллиард сўмни йўналтириш тўғрисидаги ташаббуслари тасдиқланди.

Қарор билан Фонд ва у томонидан молиялаштирилувчи муассасалар 2022 йилнинг 1 январига қадар барча солиқлар, шунингдек, давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлардан озод этилди.

Белгиланишича, ушбу тақдим этилаётган имтиёзлар туфайли озод этилувчи маблағлар фақатгина Фондга юклатилган вазифаларга йўналтирилиши лозим.

Фонд бошқарувига Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Оқтош” ижод уйи берилди.

Фонд Ижро дирекцияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ҳудудидаги биносида жойлашади. 

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юкланди.