"Меҳнат таътилида ишдан тўлиқ дам олинг, ишчи почтангизни ўқиманг ва ҳатто ижтимоий тармоқларга ҳам кирманг - бугунги кунда тўғри ҳордиқ чиқариш борасида шундай тавсиялар берилади. Фақат бу мукаммал вақт келишидан аввал барча ишларни икки ҳафта олдинга мўлжаллаб тугаллашингиз, кейин эса ишга қайтиб, дунёнинг барча ташвишларини ҳис қилишингизга тўғри келади.  Сизларда қандай билмадиму, лекин менга бунақаси кетмайди, чунки мен ишимга бурч сифатида қарамайман, менинг ишим - ҳаётимнинг бир қисми ва ундан ҳатто меҳнат таътили даврида ҳам тўлиқ воз кечишга тайёр эмасман". Forbes Гил Петерсилнинг шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Бу меҳмонхона номерида ҳаммадан бекиниб олиб, компьютерга "шўнғиш" ва ҳеч ким билан гаплашмасликни билдирмайди. Асосийси, меъёр - меҳнат таътилида берилган вақтдан унумли фойдаланиш муҳим. Фақатгина шошилинч хатлар ва муҳим қўнғироқларга жавоб бериш, қолганига чалғимаслик, чунки меҳнат таътили ишчи кунлари вақт топилмайдиган нарсаларга вақт топиш имконини беради. Гап келажак ва карьера ҳақида ўйлаб олиш тўғрисида. Кунига бир соат вақтингизни шу ҳақидаги ўйларга ажратинг, қолган вақт эса янги таассуротлар, уйқу ва яқинлар билан мулоқотдан завқ олинг. Кунига атиги 60 дақиқа! Бу дақиқаларни нималарга сарфлаш мумкин?

Ўзингиз эришишни истаган мақсадлар ҳақида ўйлаш

Келгуси ой учун уч мақсадни шакллантиринг, кейинги уч ойга яна уч мақсад ва йил охирига қадар яна уч мақсад. Дейлик, озишни мақсад қилдингиз, шундай ёзинг. машинангизни ўзгартирмоқчисиз, буни ҳам ёзиб қўйинг. Янги ишми - дадил рўйхатга киритинг. Мақсадларингиз ҳаётингизнинг барча жабҳаларини қамраб олсин. Буни машқ қилиш, бир қараганда, осондек туюлиши мумкин, аслида эса сиз бунга бутун меҳнат таътилингизни сарфлашингиз мумкин. Агар мақсадларни шакллантириб бўлган бўлсангиз - йўлнинг ярмини босиб ўтган бўласиз. Кейинги қадам - ўз мақсадларингиз ҳақида бошқаларга ҳам сўзлашни бошланг. Шунда бир ўқ билан икки қуён нишонга олинади: биринчидан, ортга йўл бўлмайди, сиз уларни албатта амалга оширишингиз керак бўлади, иккинчидан, бу йўлда атрофдагилар сизга ёрдам бериши мумкин.

Карьера бўйича маслаҳат берувчи профессионал билан учрашинг

Ҳатто ишингизни ўзгартиришни режалаштирмаган бўлсангиз ҳам, шундай йўл тутинг. Маслаҳат берувчи билан шахсан кўришишингиз шарт эмас, интернетдан фойдаланиш мумкин. Қатор саволлар ва уларга олинган жавоблар орқали мутахассис сизнинг профилингизни яратади, кучли ва заиф томонларингизни аниқлайди, бугунги кунда сизнинг мутахассис сифатидаги ҳолатингизни ва карьерангизни ривожлантириш бўйича имкониятларингизни кўрсатиб беради. Биз баъзан ўзимизни бебаҳо ишчи деб ўйлаб қоламиз: эшикдан чиқишимиз билан салоҳиятли иш берувчилар навбат пойлаб турадигандек туюлади. Айтайлик, "ритейл"дан IT соҳасига ўтиш биз учун ҳеч гапмас. Бироқ, асл вазият нафақат сизни осмондан ерга қайтаради, балки сизнинг керакли натижага эришишингиз учун тўғри йўл танлашингизга ҳам имкон беради.

Фойдали китоблар мутолаа қилинг

Меҳнат таътилида кўпчилик шундоқ ҳам китоб ўқийди, шундай экан, фойдали - айнан ишингизда қўл келадиган китобларни мутолаа қилинг. Тор доира билан чекланиш шарт эмас. Масалан, сиз рекрутерсиз ва маркетинг департаментида ишлайсиз, у ҳолда маркетинг ҳақидаги янги китобларни ўқинг. Шунда буюртмачилар ва номзодлар билан суҳбатлашиш учун мавзу топилади, сиз бу соҳада яхши билимга эга эканингизни намоён этасиз. Агар компанияда юқори лавозимда ишласангиз, у ҳолда психология ёки "ўзгаришлар менежменти" мавзуси сизни қизиқтириб қолиши мумкин.

Шахсий блогингизни юритишни бошланг

Бу шахсий брендни ривожлантиришнинг ажойиб йўлидир. Сиз ўз экспертизангиз даражасини кўрсатасиз ва агар блогингиз қизиқарли бўлса, профессионал доираларда машҳурликка эришасиз, журналистлар сизга қизиқиш билдиришади, ҳамкасблар маслаҳат сўраб кела бошлашади, сизни бизнес-тадбирларда қатнашишга таклиф қилишади. Бу йўл тезкор эмас, лекин ишончли. Масалан, мен одатий ишчи режимда мақола ёза олмайман. Учрашув ва тадбирлар ҳаддан ташқари кўп. Йўлга чиққанимда эса, миям кундалик ишлардан озод  бўлади ва мен асосий эътиборни матнга қаратаман.

Янги нарсларни ўрганинг

Бирор фундаментал курсни танлаш шарт эмас. Вақтни самарали бошқариш бўйича қисқа онлайн курсни ўтанг. Сизларни ишонтириб айтаманки, ҳатто ўзингизни максимал даражада самарали ишчи деб ҳисобласангиз ҳам, янада самарали ишлашга доир ғоялар келади. Сизларга шахсий маблағларингизни бошқариш бўйича курсга ёзилишни тавсия қиламан. Идорада йиллик бюджет файлларини осонликча уддалаймиз, шахсий молиявий режаларга келганда эса - вақт йўқ. Аниқ режалар асосида мақсадларга тезроқ эришиш мумкин.

Хорижий тиллардан бирини ўрганишни бошланг

Масалан, меҳнат таътилида Италияга отландингиз, саёҳатга қадар тил ўрганиш - кўпчилик учун қийин. Итальян тилини ўрганиш учун телефонга тил ўрганиш бўйича бошланғич аудио-курсни юклаб олинг. Шунчаки кўчадаги одамларни эшитинг, ўзингиз ҳам шу тилда сўзлашга ҳаракат қилинг.

Одамлар билан мулоқот қилинг

Ниҳоят, идорадан ва одатий мулоқот доирасидан узоқлашдингиз! Бу вақтни янги одамлар билан танишишга сарфланг. Агар бошқа шаҳарга кўчиб ўтиш ҳақида орзу қилсангиз, меҳнат таътилида ўша ерга боринг. У ерда бир неча маҳаллий бизнес ва нетворкинг-тадбирларга бориб кўринг, ўзингизга керакли кишилар билан танишинг. Бу сизнинг кўчишингиз ва иш топишингизни енгиллаштиради. Инсонлар билан мулоқот қилиб, янги ғояларга эга бўласиз, улар асосида эса янги бизнес қуриш мумкин бўлади. Меҳнат таътилида таассуротлар ва ҳикоялар йиғилиб қолади, қайтганингиздан сўнг идорада сўзлаб беришга мавзу топилади.

Меҳнат таътилингиздан тўлақонли фойдаланинг ва унутманг, энг муҳими - дам олиш, оила даврасида, яқинлар билан вақт ўтказиш, карьерани давом эттириш учун куч тўплаш.