Ижтимоий тармоқларда ижобий образ яратишга доир тавсиялар

Lifestyle 11 Август 2017 3107
Фото: techno

Бостон университети профессори, ижтимоий тармоқларда ишлаш ва мулоқот қилиш бўйича катоб ҳамда маърузалар муаллифи Эрик Куалман "Хавфсиз тармоқ. Ижтимоий медиа ва ошкоралик даврида қадр-қимматни сақлаб қолиш қоидалари" китобида интернетда нима қилиш мумкин ва мумкин эмаслиги ҳамда бу сизнинг дунё билан алоқангизга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида сўз юритади.

1. Ота-онангиз олдида ноқулайлик туғдирувчи постлар қўйманг

Агар сиз ўзингиз ёки компаниянгиз ҳақида ижобий тасаввур ҳосил қилмоқчи бўлсангиз, беандиша контентларни четлаб ўтинг.

"Бир қоидани ёдда тутинг: офлайн режимда онангизни уятга қўювчи пост қўйиб, унинг интернетда тарқалишига йўл қўйманг".

Эрик Куалман, «Хавфсиз тармоқ»

2. Мақсадли аудиторияни кўзланг

Ижтимоий тармоқда қандай аудитория учун постлар қўйишингиз борасида аниқ бир тўхтамга келинг. Қандай мақсадларни кўзлаяпсиз - ўйлаб кўринг. "Кимга ва нимани намойиш қилмоқчиман?" саволининг жавоби тармоқдаги "фаолият"ни соддалаштиришга ёрдам беради.

Биз кўпинча барчага баробар ёқишга ҳаракат қиламиз. Ўз одамларингизни танлаб олиб, бор эътиборни уларга қаратиш - анча осон ва самарали.

Эрик Куалман

3. Иғво тарқатманг

Тармоқда ҳамкасблар ва таниш-билишлар ҳақида текширилмаган маълумотлар ёки миш-мишлар тарқатманг. Иғвогар деган номдан қутулиш жуда қийин. Бундан ташқари, агар миш-миш тасдиқланмаса, сиз янада аҳмоқона вазиятда қоласиз.

"Агар офлайнда бу ҳақида пичирлаб гапирсангиз, уни нашр қилманг".

Эрик Куалман, «Хавфсиз тармоқ»

4. Ҳалол бўлинг

Интернетда ёлғон тез фош бўлади. Воқеаларни ҳаддан ташқари бўрттириб кўрсатманг, ўзингизни аслидан кўп иш тажрибасига эгадек кўрсатманг, бировнинг меҳнат маҳсулини ўзлаштирманг.

Шунингдек сохта ниқоб остига яшириниш эмас, ҳақиқий нуқтаи назарни намойиш қилувчи самимийлик ва дадиллик каби хислатлар ҳам ҳалоллик тушунчасига киради. Ёлғонга асосланган ажойиб образ ҳосил қилишга уринманг. Эртами-кечми ҳақиқат фош бўлади. Яхшиси, ижобий фазилатларингиз ва қадриятларингизга урғу беринг.

"Ҳалоллик — бу сизнинг ёпиқ эшиклар ортида ёки сизни ҳеч ким кўрмаётган вақтда қилаётган ишингиз. Ҳалоллик — сизнинг, эътиқодингиз ва қадриятларингизнинг асл моҳияти ."

Эрик Куалман, «Хавфсиз тармоқ»

6. Шикоят қилманг

Фолловерларингизни об-ҳаво, соғлиғингиз, сиёсий тизим ёки қўпол сотувчи борасидаги шикоятлардан халос этинг. Ҳар қандай шикоят салбий энергия узатади, бемаъни баҳсларга тортади ва умуман, бошқаларга ёмон кайфият улашади.

6. Ҳар куни кимнидир мақтанг ва миннатдорчилик билдиринг

Ижобий изоҳлар ва постларни кўпайтиринг. Сервис маъқул келдими - компанияни мақтанг. Ҳамкасбингиз ишларингизни бажаришга ёрдам бердими - бунинг сиз учун нақадар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб,  миннатдорчилик пости ёзиб қолдиринг.

Интернетда негатив жуда кўп, шундай экан, тармоқда кўп ижобий маълумотларни улашувчи ноёб шахслардан бирига айланинг. Ижтимоий тармоқдаги дўстларингиз саҳифаларида кичик мақтовлар қолдиринг, лайклар қўйинг, уларни қўллаб-қувватланг - буларнинг барчаси сиз ҳақингизда ижобий ва ёқимли таассурот қолдиради.

"Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бошқалар ҳақидаги ижобий маълумотни чоп этиш ўзингизни ҳам бахтли қилади".

Эрик Куалман, «Хавфсиз тармоқ»

7. Омма олдида танқид қилманг

Мақтовли ёки миннатдорчилик пости бўлса, уни чоп этиш мумкин ва керак ҳам, танқидни эса шахсий учрашувларга олиб қўйган яхши. Матнли форматдаги ҳар қандай танбеҳ тахмин қилганингиздан-да оғир ботиши мумкин.

Ҳеч ким танқид остида қолишни ёқтирмайди, у ҳаттоки энг конструктив танқид бўлса ҳам, айниқса омма олдида. Изоҳлардан камчилик излаш, орфографик хатоларни тўғирлаш ва шу каби бошқа майда ва бефойда танбеҳларни унутинг.

8. Хатоларни тўғирланг, уларни яширишга уринманг

Агар тармоқда хатога йўл қўйган бўлсангиз, уни инкор этманг ва масъулиятни бошқаларга ағдариб, ўзингизни оқламанг.

"Интернетдаги негатив вазиятлардаги хатти-ҳаракатларингиз сизнинг обрўингизга жиддий таъсир кўрсатади".

Эрик Куалман, «Хавфсиз тармоқ»

Хато қилиб, номақбул йўл тутдингизми? Бундай ҳолатда қуйидагилар тавсия этилади:

1. Узр сўралган пост ёзинг ва ёқимсиз ҳолат учун жавобгарликни ўз зиммангизга олинг;

2. Айбингизни ювиш учун нима қилишга тайёр эканингизни маълум қилинг;

3. Ваъдангизни бажаринг;

4. Воқеадан ўзингизга тўғри хулоса чиқаринг.

Интернет кичик хатони яшириш катта низоларга олиб келган ўнлаб ҳодисаларга гувоҳ бўлган. Шундай экан, номақбул ҳолатнинг бошланғич босқичидаёқ унинг олдини олинг.

9. Шахсий мулоқотни биринчи ўринга қўйинг

Одамлар реал ҳаётда учрашган кишиларга яхшироқ муносабатда бўлишади. Танишларингиз ва мижозларингиз билан мулоқот қилишда фақат интернет билан чекланиб қолманг. Имкон қадар улар билан учрашиб мулоқот қилишга ҳаракат қилинг.

Агар орадаги масофа узоқроқ бўлса, видео ва аудиохабарлардан фойдаланинг. Одамлар овозингиз, гапириш оҳангингизни эшитиши, юзингизни кўриши муҳим аҳамиятга эга.

10. Иш ва дўстлар учун алоҳида профиль очманг

Кўп фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда бир неча профилга эга: бири - иш учун, иккинчиси - дўст-биродарлар учун. Бунинг натижасида инсон ўз шахсини гўёки расмий ва ҳақиқийга ажратади.

Ҳеч бўлмаганда икки сабаб туфайли профилларни кўпайтирмаслик керак:

1. "Тўғри" образга киришиб, ўзлигингизни йўқотиб қўйишингиз мумкин. Тармоқдаги "иккиюзламачилик" эса кўп энергиянгизни тортиб олади.

2. Шахсий аккаунтни топиш осон. Фолловерлар сизнинг расмий образингиз ҳақиқийсидан қанчалик фарқланишини билгач, ёқимсиз вазият юзага келиши мумкин. Шу боис ишчи образингиз ва норасмий қизиқишларингизни ўзаро уйғунлаштиришга ҳаракат қилинг.

Кўпроқ янгиликлар