Ҳатто оддий аспирин ҳам спиртли ичимлик билан бир вақтда қабул қилинганда хавфли бўлиши мумкин. Тиббий даволаш муолажалари ўтказилаётган бир пайтда спиртли ичимлик ичиш мумкин эмаслигини ҳамма билади, бироқ нима учун баъзилар билиб туриб, ўзини ҳалокат сари етаклайди? Эҳтимол, одамлар бунинг нималарга олиб келиши мумкинлигини англаб етишмас. Don't Panic қандай дориларни спиртли ичимликлар билан аралаштириб бўлмаслигига доир маълумотлари билан бўлишди.

 

Седатив препаратлар (тинчлантирувчи дори воситалари)

Спиртли ичимликларни седатив препаратлар билан бир вақтда қабул қилиш мумкин эмас. Ҳатто оддий тинчлантирувчи таблеткаларни ҳам спиртли ичимлик ичган пайтда қабул қилиш тавсия этилмайди. Гап шундаки, спиртли ичимликлар бундай препаратларнинг таъсирини кучайтиради, уйқу вақтида эса нафас олишни қийинлаштиради. Уйқуда нафас сиқиб ҳаётдан кўз юмган ҳолатлар эса талайгина.

 

Антибиотиклар (бактерия ўлдирувчи дори воситалари)

Шифокорлар бекорга бир вақтнинг ўзида ҳам спитрли ичимлик ичиш, ҳам антибиотик қабул қилишни тақиқлашмайди. Биринчидан, алкоголь даволаш самарасини пасайтиради. Иккинчидан, жигарга сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади. Алоҳида ҳолатларда ҳатто токсик гепатит ҳам ривожланиши мумкин.

Антигистаминлар (аллергияга қарши дори воситалари)

Аллергиядан азият чекасизми? Ўзингизни спиртли ичимликлардан тийинг. Акс ҳолда жуда ёқимсиз салбий таъсир кафолатланган. Галлюцинациялар, шақиқа (мигрень) ва узоқ вақт кўнгил айнишига тайёргарлик кўраверинг.

 

Антидепрессантлар (психотроп дори воситалари)

Ҳар қандай спиртли ичимлик — жуда кучли депрессант. Таблеткаларнинг аралашуви аянчли тугаши мумкин: спирт препаратлар таъсирини бекор қилади ва ҳатто гипертоник кризга олиб келиши мумкин.

Спазмолитиклар (Оғриқ қолдирувчи дорилар)

Қон томирини кенгайтирадиган дори воситалари одатда юрак касалликларига чалинган кишиларга белгиланади. Бироқ алкоголь шундоқ ҳам томирларни кенгайтириш хусусиятига эга. Шундай экан, спазмолитик дори воситалари спиртли ичимликлар билан бир вақтда қабул қилинганда қон айланиши билан боғлиқ жиддий етишмовчиликка олиб келади ва бу ҳатто ўлим билан тугаши ҳам мумкин.