Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 август куни жойларда иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар бориши билан танишиш мақсадида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрига боргани хабар қилинган эди. 

Давлат раҳбари шаҳар фаоллари билан ўтказилган йиғилишда сўзга чиқиб, қатор масалалар бўйича гапирди. Унинг чиқиши “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот 24” дастурида намойиш этилди.

“Туманнинг тўрт раҳбари худди туманнинг ҳокимига ўхшаб жавоб беради. Ўша тўрт раҳбар ҳамма нарсани ёзиб берди, харита қилиб бердик. Олмалиқ шаҳрининг прокурори ҳам, ҳокими ҳам, Тошкент вилоятининг ҳокими ҳам – ҳеч қайсиси ўзининг идорасида яшамайди, ишламайди. Мен қарор қабул қилдим: мажлисбозликни йўқ қилдик. 

Мана, мисол учун сизларнинг шаҳарларингиз мисолида тушунтирсам: туманда ҳоким, прокурор, ички ишлар, солиқ бор. Тўрт раҳбар бўлинади. Олмалиқ 120 минг аҳоли бўлса, бўлиб-бўлиб олади, маҳалла, кўчабай. Ўшанинг ўртасига бориб, давлат уй, квартира беради, ўша ерда бўлади, ўша ерда нафас олади. Чироқ бўлса чироқ билан яшайди, чироқ бўлмаса чироқсиз яшайди, йўл бўлмаса йўлсиз, сув бўлмаса сувсиз яшайди. Нонининг қимматлигини, бозори қимматлигини, гўштдаги ноинсофликни сезиб, ўша ҳид билан яшаса мен уни жамоамга қабул қиламан, бўлмаса қабул қилмайман. 

Бу кимгадир ёқади ёки ёқмайди. Лекин шундай тизим қилдим, бошқа иложим йўқ. Биз анча кечикканмиз, одамлар биздан норози. Мен маърузамда айтгандим: биз халқнинг чидаганига сажда қилиб, таъзим қилиб, кечирим сўрашимиз керак. Бу юрагимдаги гаплар, уни биров ёзиб бера олмайди менга. Кечирим сўрашимиз керак, ҳали бизнинг ноинсофларга чидаганига”, - деган давлат раҳбари.