Африканинг энг бадавлат кишиси Алико Данготе Англиянинг “Арсенал” футбол клуби эгасига айланмоқчи эканини хабар қилди, деб маълум қилмоқда Bloomberg.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Нигерия ҳудудида нефтни қайта ишлаш заводини қуришга бор эътиборини қаратган.

“Мен бу заводни қуриб бўлишим билан, эътиборимни “Арсенал”га қаратаман. Ҳаттоки, клуб яхши натижалар кўрсатмаётган пайтда ҳам уни қўллаб-қувватлайман, бу жуда зўр клуб, мен унинг эгасига айлансам, у янада яхшиланиши мумкин”, - деди Данготе.

Бизнесменнинг ишонч билдиришича, жамоа акцияларини ҳозирги эгалари – америкалик Стэн Кронке (67 фоиз акцияларга эгалик қилади) ҳамда асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмоновдан (30 фоиз акциялар) харид қилишнинг уддасидан чиқади.

“Агарда, улар тўғри таклифни олишса, ишончим комилки, улар кетади. Кимдир уларни кетиш вариантини кўриб чиқишга мажбур қилувчи таклиф билан чиқади”, - дея таъкидлаб ўтди Данготе.

Аввалроқ Африканинг энг бой одами АҚШ ва Европага 50 млрд доллар сармоя киритиши ҳақида хабар берилганди.

Май ойида эса америкалик тадбиркор Стэн Кронке Алишер Усмоновнинг "Арсенал" футбол жамоаси акцияларининг назорат тўпламини сотиб олиш ҳақидаги таклифига рад жавобини берганди.