Хитой маҳаллий компанияларнинг хорижий инвестицияларига чеклов киритишга қарор қилди ҳамда ҳукумат томонидан тасдиқланувчи ва тасдиқланмайдиган сармоялар рўйхатини тузиб чиқди. CNBC шу ҳақида хабар берди. 

Янги қоидаларга мувофиқ, ҳарбий технологияларга киритилувчи инвестициялар, шунингдек Хитой миллий хавфсизлигини хавф остига қўядиган барча жабҳаларга киритилувчи сармоялар тақиқланади. Кўчмас мулк, меҳмонхона бизнеси, спорт ва кўнгилочар соҳаларга маблағ киритишга рухсат берилган бўлишига қарамай, уларга ҳам муайян чекловлар жорий қилинади. 

Таъкидланишича, Хитой ҳукумати мамлакатдан чиқаётган капитал оқимини тўхтатиш мақсадида шундай чоралар қўллашга қарор қилган. Ўтган йили - хорижий инвестицияларга доир қоидалар юмшаганидан кейин - хитой компаниялари хорижга 200 миллиард доллар сармоя киритганди, бу эса юанга босимни кучайтирган. 

Таъкидлаш жоизки, "Бир макон, бир йўл" ташаббусини қўллаб-қувватловчи лойиҳаларга сармоя киритаётган компанияларнинг хорижий инвестициялар киритиши Хитой ҳукумати томонидан тўлиқ тасдиқланади. Бундан ташқари, Пекин энергия ресурслари ва қишлоқ хўжалиги разведкасини инвестициялашни рағбатлантиради. 

"Бу чоралар янги ҳисобланмайди, зеро кўчмас мулк, меҳмонхона бизнеси ва қимор ўйинларига хорижий инвестициялар ҳеч қачон Хитой ҳукумати томонидан очиқчасига рағбатлантирилмаган", - деди таҳлилчи Винсент Чан Credit Suisse мижозларига ёзган хатида.