Ўзбекистон ва Қирғизистон етказиб бериладиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтирмоқчи. Бу ҳақида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Комил Рашидовнинг конференциядаги баёнотига асосланиб, 24kg хабар берди. 

"Президентларнинг сиёсий иродаси туфайли томонлар муаммолар ечимини топишмоқда. Мунтазам сиёсий мулоқот ўз маҳсулларини бермоқда. Қирғиз-ўзбек муносабатлари тарихида биринчи марта идоралараро комиссия йиғилиши бош вазирлар даражасида ўтказилди. Аввал уларни бош вазирларнинг биринчи ўринбосарлари бошқаришган", - деди Комил Рашидов. 

Унинг сўзларига кўра, томонлар товар айирбошлашни оширишга келишиб олишган. Ўзбекистон Қирғизистонга автомобиль, қишлоқ хўжалиги техникаси, ўғит, маиший техника, тўқимачилик ва қурилиш материаллари етказиб беришга тайёр. Қирғизистон эса, ўз ўрнида кўмир, гўшт, сут, мева ва сабзавот, трикотаж маҳсулотларини таклиф қилди.

Таъкидлаш жоизки, 16 август куни Бишкек шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик, чегаралар делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон раҳбарияти билан қатор учрашувлар ўтказди.