Душанба куни Тиррен денгизининг Искиа оролида рўй берган зилзиладан сўнг Казамиччола-Терме курорт шаҳри ҳудудидаги ер сатҳи деярли тўрт сантиметрга пасайган, деб хабар қилмоқда италиялик олимлар.

Электромагнит тасвир институти тадқиқотчилари Европанинг Sentinel-1 ва COSMO-SkyMed сунъий йўлдошлари орқали ўлчовларни амалга оширишган. Коинотдан олинган маълумотлар асосида зилзила ўчоғи яқинида грунтнинг сезиларли даражада чўкканлиги аниқланган. 

Искиа оролида ер силкиниши 21 август куни Тошкент вақти билан 23:58 да рўй берган. Аввалига Италия геофизик ва вулқоншунослик миллий институти 3,6 магнитудали зилзила ҳақида хабар қилган, бироқ ярим тундан сўнг улар ўз баҳолашларини қайта кўриб чиқиб, магнитуда 4,0 баллга тенг бўлганини айтишди. Зилзила ўчоғи Искиа ғарбий соҳилидан бевосита яқин жойда, денгиз қаърида 5 км чуқурликда бўлган. Сейсмологларнинг фикрича, биринчи силкинишдан сўнг 20 дан зиёд кучсиз афтершок рўй берган. Зилзила оқибатида икки аёл қурбон бўлган, 39 киши жароҳатланган ва 2,6 минг киши бошпанасиз қолган.

Sentinel-1 сунъий йўлдошлари Ернинг юқори аниқликдаги радар хариталарини яратади. Илгарироқ уларнинг ёрдамида бир қатор зилзилалар натижасида тупроқ силжиши ҳақида маълумотлар олинган, шунингдек, КХДР томонидан 2016 йилда синалган ядро зарядининг қувватини баҳолаш имконини берувчи маълумотга эга бўлинган.