Япония бош вазири Синдзо Абэ АҚШ президенти Дональд Трамп билан бўлиб ўтган телефон мулоқотининг баъзи тафсилотларини ошкор қилди. Суҳбат КХДР навбатдаги ракета синовини ўтказганидан сўнг юз берган.

Унинг сўзларига кўра, улар Трамп билан 40 дақиқалик мулоқот давомида рўй берган ҳодисадан сўнг қабул қилиниши лозим бўлган чораларни муҳокама этишган.

«Биз шундай фикрдамизки, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақириш ва КХДРга босимни кучайтириш лозим», - дея Абэнинг сўзларини келтиради NHK телеканали.

Унинг сўзларига кўра, Япония АҚШ ҳамда Жанубий Корея, шунингдек, Хитой ва Россия билан ҳамкорликда КХДРга босимни кучайтириши керак. Бу Шимолий Корея ўзи олиб бораётган сиёсатни ўзгартиришига туртки бериши лозим. 

Аввалроқ Шимолий Корея Япония томон ракета учиргани хабар берилганди.