2017 йил 24 август куни АҚШнинг  Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен қароргоҳида элчихонанинг янги ходимларини таништириш маросими бўлиб ўтди. Эндиликда Жон Браун жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчи лавозимида, Кирстен Мишинер эса маданий ишлар бўйича вакил сифатида фаолият олиб боради.

Кечага АҚШдан махсус меҳмон - "The Gina Chavez Band” гуруҳи ташриф буюрди ва улар ўз қўшиқлари билан меҳмонларга кўтаринки кайфият улашишди. Шунингдек, америкалик гуруҳ томонидан "Чойхона" ҳамда "Самарқанд гўзали" тароналари куйлангани кечага ўзгача завқ бағишлади. 

Фото: KUN.UZ

"The Gina Chavez Band” гуруҳи айни дамда Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалида ҳам иштирок этмоқда. 

Маълумот ўрнида: Тошкентдаги АҚШ элчихонаси 2017 йил “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига расмий иштирокчи сифатида Американинг “The Gina Chavez Band” гуруҳини таклиф этган. 

Жина Чавез Лотин Америка ва Америка халқ қўшиқларини инглиз ва испан тилларида ижро этувчи хонанда ва қўшиқчи-шоирдир. У хилма-хил мусиқий услуб, жумладан кумбиа, поп, реггитон жанрлари ва бошқа халқ қўшиқларини икки тилда бирдай куйлайди.

Фото: KUN.UZ

Жина Чавез гуруҳи 2015 йили Техасдаги “Austin Music Awards” танловида “йилнинг энг яхши мусиқачиси”, “Up.Rooted” учун “йилнинг энг яхши мусиқий альбоми”, “Siete-D” учун “йилнинг энг яхши қўшиғи”, “энг яхши лотин америкача гуруҳ” каби  номинацияларда ғолиб, мусиқий фаолият ва таълим соҳасидаги Эсме Баррера номидаги мукофот соҳиби, олтита категория бўйича танлов совриндори бўлган.