Хитойнинг аэрокосмик ва саноат корпорацияси (CASIC) товуш тезлигидан тезроқ ҳаракатланувчи HyperFlight транспорт тизимини яратиш режаларини эълон қилди. Бу тизим орқали ҳаракатланиш тезлиги дастлабки босқичда соатига минг километрни ташкил қилади. Давлат компанияси бу режаси ҳақида Хитойда ўтаётган Учинчи тижорий аэрокосмик форумда маълум қилди.  

China Daily нашри HyperFlight’ни АҚШнинг SpaceX компанияси асосчиси Илон Маскнинг Hyperloop вакуум поезди лойиҳасига қиёслаган.

Хитой лойиҳаси Хубэй вилоятидаги Ухани шаҳрида амалга оширилади. Бу шаҳар Хитойнинг энг гавжум шаҳарларидан бири ҳисобланади.

Лойиҳа магнит левитацияси технологиясига ҳам асосланган. Бунда поезд электр магнит майдон ҳисобига ҳаракатланади ва йўл қопламасига тегмайди. Шу тариқа ишқаланиш юз бермайди, поездни тормозловчи куч аэродинамик қаршилик бўлади. Поезд паст вакуум шароитида ҳам ҳаракатлана олади.

CASIC’да маълум қилинишича, HyperFlight’да поезд тезлиги анъанавий поездларникидан 10 марта, йўловчи самолётларникидан 5 марта юқорироқ бўлади. Тизимни 3 босқичда қуриш режалаштирилган. 1-босқичда ҳудудий тармоқ қурилади, унинг тезлиги минг км/соат билан чекланади. Сўнгра компания Хитой бўйлаб тармоқ қуришни режалаштирмоқда. Бу тармоқ йирик шаҳарларни бирлаштиради ва унда ҳаракат тезлиги 2 минг км/соатгача чекланади. 3-босқичда эса халқаро транспорт тармоғини яратиш кўзда тутилган, бунда ҳаракат тезлиги 4 минг км/соатни ташкил қилади. Бу босқич Хитой билан “Бир камар, бир йўл” лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилувчи давлатлар ҳудудларда амалга оширилади.

Ушбу лойиҳага қанча маблағ сарфланиши ва унга ким инвесторлик қилиши маълум қилинмаган.

Маск вакуум поезд ғоясини 2012 йилда билдирган.