Футболда ҳакамлар бор экан ўзбеклар мақсадига ета олмайди (янги ўзбек мақоли)

Нега дунёнинг энг яхши ҳаками Бразилия ёки Аргентинада эмас, футболи тараққиётда юксакликка чиқмаган юртда туғилгани энди ойдинлашди. Бу шунчаки тасодиф эмас экан. Футболда биргина ўлкадан иборат Австралия ва миллион муаммога кўмилиб кетган Африкадан ҳам ортда қолиб кетган улкан қитъа Осиёдан - ҳакамлик савияси жуда паст бўлган ҳудуддан, қора либос соҳибларидан энг кўп азият чеккан Ўзбекистондан эканлигида мантиқ катта экан, азизлар! 

Ҳазрати Исо табиб соғларга эмас, беморлар бор жойда керак, деган эди. Шунча ҳакамликдан жабр кўрганимизни тушуниш бошқа лекин ич-ичидан ҳис этиб, бунинг азоби нима эканлигини билган йигит бу ишда АДОЛАТнинг нақадар лозимлигини англаб етади. Мен одил бўламан, хатоларим эвазига бегуноҳ томон жабр кўрмасин, дея ўзига-ўзи сўз бериб борини бериб ПРОФЕССИОНАЛ бўлади. Жаҳон аҳлига кўплаб буюкларни тарбиялаб вояга етказган миллат яна бир фарзандни шу тариқа камол топтирди. Равшан Эрматов деган инсон АДОЛАТ ва ПРОФЕССИОНАЛЛИК тимсоли сифатида Ҳазрати футболга ибрат сифатида кириб келганди. Муҳит унга доялик қилди, қисмат қўлидан тутди.

Хитойдан ҳам Суриядан ҳам керакли очколарни ололмаганимизнинг бошқа ўнлаб сабабларини келтира оламан. Футболимиздаги долзарб муаммоларни ҳам қалаштириб тилга олишим мумкин, лекин барибир ҳакамлик ишидаги хатоликларнинг қурбони бўлаётганимизни яна тилга олмасликнинг иложи йўқ. Зидандек машҳур шахснинг ҳар бир вазият учун ҳакамларнинг қарорларига нисбатан эмоцияларини йирик планларда кўп бора кўряпсиз. Нега энди биздек жабрдийдалар ҳакамларнинг яққол хатоларини муҳокама қилмаслигимиз керак.

ФИФАдек ташкилот ҳакамлик масаласида ҳалиям бир аниқ ва керакли ечимни топа олмаётган, ОФКдагилар эса нари борса ҳакамларининг хатосини узр сўрашдан ортиғини қилолмаётган пайтда нечанчи мартадир ҳакамлардан панд еб ўтирибмиз. Кўр одам сурувга чўпонлик қилса оқибат маълум, охири поданинг жарликка қулаши билан тугайди. ЎФФдагилар тағин ҳам ҳассасини доим йўқотиб юрадиган кўр каби иш тутишди. Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун бизга энг кўп халақит берган омил – ҳакамлик масаласини ҳам ҳисобга олиш керак эди. Тўғри, ҳисоб-китобни тасодифлар бузади дейишади. Лекин бу тасодифни олдиндан кўра олиш мумкин бўлса, буниям бир тадбирини қилиб қўйиш керак эди. Ахир ҳар доим мақсадимизга етдик, деган жойда ҳакамлар йўлимизга тўғаноқ бўлишгани-бўлишган. Афсуски, буни Бабаян ҳам федерациядагилар ҳам эътибордан четда қолдиришди. (Бемаҳал қичқирган хўроздек, ЎФФнинг бир ходими журналистларга тош отиб юрибди. Бунинг ўрнига нишонни ҳакамлар томонига тўғриласин эди. Ахир Федерациянинг халқаро бўлими ходимининг хаёлига бундай нарсалар келиши мумкин эмасми? «Қишлоқи журналистлар» олдида профессионаллигини кўрсатиш ўрнига ватанпарварлигини кўрсатиб, ЎФФни кутилиши мумкин бўлган хатардан хабардор этсин, огоҳлантирсин. Таклиф билан чиқсин. Журналистнинг ишига аралашган мураббийга маслаҳат бера олмайдими!).

Ҳаёт-мамот ўйинлари учун қаёқдаги Шри-Ланкадан ҳакам тайинланишига жим қараб турмасдан аввалроқ отни қамчилаш керак эди. «Биз Осиёдаги ҳакамлардан кўп бор панд еган халқмиз, гуруҳдаги энг муҳим икки ўйинимизга юқорироқ савияли ҳакам бошқаришини истаймиз» қабилида ФИФАга мурожаат қилишимиз ҳам мумкин эди-ку?! Буни ҳаммага овоза қилиб, 11 йил олдинги ҳакамлик маш-машаларидан тортиб, барча ҳакамликдан кўрган жабрларимизни ОАВ орқали дунёга тарқатиб, диққатни ўзимизга қаратганимизда нима йўқотардик? Европадан ҳакам юборишмаганида ҳам камида учрашувга тайинланган ҳакамга таъсир ўтказа олардик. Қай томонданки, масъулиятлироқ бўлишга интиларди.

Пенальти белгиланганидан кейин ўрнимдан турдим-да чиқиб кетдим. Уёғини кўрмасам ҳам маълум. Хитой ҳам Ўзбекистон ҳам кайфият жамоаси! Футболинггаям, ҳакаминггаям!... Футбол эмас, ҳакам тўғрисида ёзганимдан ажабланманг, қанақа футбол? Бор футболни ҳам ўлдиришяпти... Ҳалоллик ва кураш ўлдирилган жойда футболнинг нафаси ҳам бўғилади... Пенальтини ўйлаб топган ирландиялик Жон Пенальти бизнинг сафимизда, томонимизда мазкур учрашувни кузатганида қилган кашфиётидан Алберт Эйнштейн каби афсусланишига шубҳа қилмайман. «Рамаяна»дан Шри-Ланка деганда кўз олдимда машҳур Цейлон чойидан ҳам олдин девлар келарди. Эндичи, ҳаёт-мамот ўйинини ўлдирган «қассоб», уқувсиз «жарроҳми»?... Бечора футбол, кунинг кимларга қолди?.. 

Айримлар Бабаяннинг ҳайкалини ўрнатиш лозимини таъкидлашганди. Ишқилиб, материали лойдан бўлмасин! Кечагидек (бизнинг аламли, Корея ва хитойликларнинг севинчли кўз ёшларидан пайдо бўлган) ёмғирда эриб қолмасин!..

Кейинги ўйинлардан таскин ахтаришни истамайман. Юқори марраларни кўзлаётган жамиятнинг бир аъзоси сифатида футболда ҳам юксакликка интилишимиз лозим деб биламан. Шуни учун 12 сентябрдан умидим катта. Мундиалга чиқиш тараққиёт бир учқун, аслида. Муҳими, футболимизда ҳақиқий ислоҳотлар бошлансин! Келажак учун олдиндан белгиланган режали ҳаракатлар керак. Буюк даъволар зарур. Тасодифий ютуқлар билан манзилга етиб бўлмайди! Булар шунчаки оғриқ қолдирувчи дорига ўхшайди, оғриқни тўхтатади лекин малҳам бўла олмайди!.. Орзуимиз Бабаянларни бошимизда кўтариш эди. Қалбимизда ардоқлайдиган инсонлар бўлишини истагандик. Афсуски, ҳаммаси кутганимиздек бўлмаяпти. Мираброр Усмоновнинг шашти баланд эди. Унга қанчалик елкадош бўлдик? Сергеев, Лобановнинг ҳам ҳали фойдаси тегар. Тараққиётнинг шамоли янгича йўналиш томон эсишига умид билан қараяпман. Қадрли ватандошлар, энди бир-биримизга лой чаплашларнимас, елкадош бўлишни одат қилайлик! Ишонинг, бу Ватан, бу Халқ бундан анча юқорироғига лойиқ!

Раҳим ЮСУФ АЛИ