Пул, бойлик, мол-дунё илинжида ор-номуси, ғурури, шаъни ва қадр-қимматини бозорга солиб, бу инсоний сифатларни шаҳвоний мақсадларда арзон чақага сотаётган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқини мутлақо унутган қўшмачилар жамиятимизда учраб турибди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ҳатто, бу кимсалар улғаяётган фарзандларининг кўз олдида тасаввур этиб бўлмайдиган жирканч вазиятларни яратиб, арзимаган моддий манфаатни деб гўдакларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир этмоқдалар. Афсусланарлиси, улар ўзларининг яшаш хонадонларини пинҳона учрашувлар ва кўнгилхушликлар учун “ишқ маскани”га айлантирмоқдалар. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган тезкор тадбирларда бу каби кимсаларнинг қилмишлари фош этилмоқда.

Пойтахтимиз ҳудудида олиб борилган тадбир давомида юқори тилга олганимиз каби енгил-елпи ҳаётга ружу қўйган кимсалар айни хиёнат устида, уларга шароит яратиб бераётган қўшмачилар эса ҳаромдан келган даромаддан чўнтагини қаппайтирган пайтда қўлга олинди.

Жумладан, ўтган йилнинг сентябрь ойида аввал ҳам қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш жиноятини бир неча маротаба содир этган Зарина Йўлчиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзининг ижарага олган уйида 390 минг сўм эвазига фуқаролар Акмал Нишонов, Садир Нурлиев ва Рашид Алиевларга кўнгилхушлик қилишлари учун фоҳишаликни ўзига касб қилган Сабина Ўринова ҳамда Дилафрўз Нишоноваларни топиб, уларга шароит яратиб беради. Бироқ қўшмачи мақсадига ета олмади. У “хизмат ҳақи” учун келишилган пулни олган пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан мазкур ҳолатга нисбатан қонуний баҳо берилиб, З.Йўлчиевага нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Эндиликда у умрининг бир неча йилини симтўрлар ортида ўтказадиган бўлди.