Тошкентда пайшанбага ўтар кечаси Темир йўл техникаси музейи ёнидаги, Кичик ҳалқа автомобиль йўлида жойлашган 118 йиллик сув минораси бузиб ташланди. Бу ҳақда Facebook’даги Tashkent Retrospective гуруҳида хабар берилган.

«У бу ерда юз йилдан ортиқ вақт давомида турди, шаҳар ўзгарди, йўллар кенгайди, янги аҳоли мавзелари қурилди, вокзал бир неча бор янгиланди, бироқ минора ўз ўрнида турганди, фақатгина вақти-вақти билан янги бўёқдан янада ёрқинроқ кўриниш касб этиб келаётганди, афсус», - дейилган гуруҳдаги хабарда.

Фото:  facebook.com/tashkentretrospective

Сув минораси меъмор Георгий Сваричевскийнинг иши бўлиб, у Шимолий вокзал станциясини ҳам лойиҳалаштирган. Вокзал 1899 йилнинг 1 май куни очилган.

Гуруҳдаги хабарда қайд этилишича, бу объектнинг бузилиши Шимолий вокзал яқинидаги Фарғона йўли кўчаси ва кичик ҳалқа йўли кесишмасидаги янги кўприкнинг очилиши билан боғлиқ.

Шунингдек, минорадан ташқари, унинг ёнида жойлашган эски қозонхона ҳам бузилаётгани маълум бўлди. Бу иш ҳудудни ободонлаштириш билан боғлиқ экан.