Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Амир Темур кўчасида содир этилган босқинчилик жинояти бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар қилди пойтахт ИИББ.

Жумладан, 2017 йилнинг 4 сентябрь куни тунги тахминан соат 22:30ларда, А.С.А., М.Ш.Қ. ва А.Б.Б. ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчасида бўла туриб, фуқаро К.А.Т.нинг ёнига келиб, уни қўл ва оёқлари билан уриб, “Samsung Galaxy DUOS” русумли уяли телефонини ҳамда 20.000 сўм нақд пулларини эгаллаб, жиноят жойидан яширинганлар. 

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. 

Жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов даврида М.Ш.Қ. жиноят содир этилишидан бир неча кун аввал танишлари А.Б.Б. ва А.С.А. билан босқинчилик содир этишни режалаштириб олганликлари, сўнг М.Ш.Қ. интернет орқали гўёки “Лилия” исмли қиз сифатида К.А.Т. билан танишганлиги ва у билан “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали сухбатлашиб турганликлари, орадан бироз муддат ўтиб, у К.ни учрашувга таклиф қилганлиги, ўз навбатида М.Ш.Қ. мазкур жиноятни содир этишдаги шериклари билан аввалдан учрашиб олиб, Амир Темур кўчаси, 115-уйнинг ёнига келганликлари, К. ҳам шу ерга келган вақтида уни уриб, уяли телефони ва пулларини олиб қўйиб, ҳодиса жойидан яширинганликлари аниқланган.

Мазкур жиноятни содир этганликда М.Ш.Қ., А.С.А. ва А.Б.Б.нинг айби тўлиқ исботланиб, уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “б” банди (босқинчилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиш) билан айблов эълон қилинди.