Гулистонда қизлар ўртасида “Яшил майдон маликалари” республика футбол мусобақасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда спорт, хусусан, хотин-қизлар ва болалар спортини ривожлантириш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратиш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ёшлар, айниқса, қизларнинг соғлом вояга етишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” Давлат дастури ижроси доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими бошқармаси, футбол федерацияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят бўлими ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган ҳудудий мусобақада Тошкент шаҳри ва Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари жамоалари ғолиблик учун баҳслашди.

– Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда спортнинг ўрни бениҳоя катта, – дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Уралова. – Хотин-қизлар спортини ривожлантириш халқимиз келажаги, ёшларнинг соғлом бўлишида муҳим аҳамиятга эга.

Барча рақиблардан устун келган Тошкент вилояти футболчи қизлари биринчи ўринни эгаллади ва мусобақанинг финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўринга Сирдарё ва учинчи ўринга Тошкент шаҳри вилояти  жамоалари сазовор бўлди.

Зебо Ҳайдарова