Азимжон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) биринчи бор ўғрилик қилганида сал қолса, панжара ортига тушарди. Ўшанда унга шартли равишда синов муддати белгиланиб, тўғри йўл га қайтишига имкон берилди. У бундан тўғри хулоса чиқариб, “ўғри” деган тамғадан қутулишга ҳаракат қилиши керак эди. Афсуски, бундай бўлиб чиқмади. Азимжон яна йўлдан адашди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

2016 йилнинг 26 август куни Азимжон соат 22:00лар атрофида айланиб келиш баҳонасида уйидан кўчага чиқади. Шу пайт на ота, на она уни қаерга кетаяпсан, деб тергамади.

Қишлоқ жой эмасми, бу вақтда кун бўйи далада меҳнат қилган одамлар ўринга чўзилган, ҳаммаёқ жим-жит эди. Азимжон тупроқ йўл бўйлаб юриб, ҳамқишлоғи Карим Бердиевнинг уйи олдида тўхтади. Ҳовлидаги чироқлар ўчирилганини кўриб, уйда ҳеч ким бўлмаса керак, деган хаёлга борди ва уйга кириш фикри туғилди. Беихтиёр деворга тирмашиб, ҳовлига ошиб ўтди. Ўйлаганидек, уйда ҳеч ким йўқ эди. Азимжон шошганича ўзини уй ичкарисига урди. Жавон ва кийимларни титиб, қўлга илингулик нарса излай бошлади. Кийимлардан бирининг чўнтагидан пулга ўхшаш қоғоз қўлига илинди. Пулни дераза орқали тушаётган ой ёруғига тутиб, унинг АҚШ доллари эканини билди. Қувонганидан чўнтагига солиб, ортга қайтмоқчи бўлди. Бироқ уйдан чиқаверишда стол устида турган ноутбукни кўриб, уни ҳам қўйнига урди. Кейин келган йўлидан уйига қайтди.

Ўша куни уй эгалари қариндошларининг тўйига кетишганди. Эртаси куни келишгач, уйдаги ҳолатни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлашди. К.Бердиевнинг хотини сочилиб ётган кийимлари орасидан пулларини излай бошлади. Аммо уларни тополмагач, уйига ўғри тушганини билиб, бу ҳақда тезда Қарши тумани ИИБга мурожаат қилди.

Олиб борилган тезкор тадбир пайтида Азимжоннинг қилмиши фош этилди. Тергов жараёнида Азимжон К.Бердиевнинг хонадонидан баҳоси 3 миллион сўм бўлган “ACER” русумли ноутбук ва 4000 АҚШ долларини ўмарганлиги аниқланди.

Бу сафар унинг қилмиши кечирилмади. Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди томонидан Азимжон Бўриевга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, унинг ҳисобидан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш тўғрисида ҳам ҳукм чиқарилди.