«Манчестер Юнайтед»нинг афсонавий ғалабаси қаҳрамонларидан бири, «кулиб турувчи жаллод» Оле-Гуннар Сульшер Red News порталига катта интервью берди. Эътиборингизга интервьюнинг эътиборга молик қисмларини ҳавола қиламиз. 

— Ишлар қалай, Оле?

— Ёмон эмас. Янги мавсумга («Мёльде» билан) тайёрланяпман. Бу ерда ҳаммаси бошқача. Мисол учун, майдон — сен ҳеч қачон у қандай ҳолатда бўлишини билмайсан. Айтайлик, бугун иситиш мосламаси ишдан чиқибди, кўчада ҳаво минус икки, натижада, машғулотни очиқ ҳавода эмас, кичик залда ўтказишга мажбур бўлдик. Бундай ҳолат ҳар қайси куни бўлиши мумкин.  

— Ишга қайтиш — тўғри қилганингни ҳис қиляпсанми?

Архив фото

— Ҳа. Кундан-кунга ўсиб бораётган футболчилар билан кунингни ўтказиш завқли. Уларнинг ҳар бирида эртага Англияда ёки Германия чемпионатига ўтиб кетиш имконияти бор, шунинг учун уларнинг ҳар бир машғулотга, вазифага бор кучини бераётганини кўраман. Масалан, Чемпионшипни олайлик, у ерда катта пул оладиган ва ўз жойида қолишни истайдиган, янги синовларни истамайдиган футболчилар кўпайиб кетган. Бу ерда ундай эмас.

— Сэр Алекс кўп айтарди — сен захира ўриндиғида ўтириб, ўйинни диққат билан томоша қилар экансан. Ростми шу? Майдонда бўлаётган воқеаларни яхши ҳис қила олармидинг?

Архив фото

— Менимча, ҳа. Авваламбор, бу ўйинга қай даражада алоқадор эканимни англай олардим. Балки шу туфайлими, ўша ерда ўтирганимда, «ҳаммаси жонга тегди» деган фикрлар кўп бўлмаган. Мен майдонга тушишга тайёр бўлардим ва бу амалга ошарди. Агар жамоа ютқазаётган бўлса, Босс менинг майдонга тушишим шерикларимга, мухлисларга, рақибга қандай таъсир қилишини биларди. Бу ўзига хос, жуда усталик билан тўқилган образ эди — «у майдонга тушса, гол уради» деб ўйлашарди. Бошқа тарафдан, агар биз 2:0 ёки йирикроқ ҳисобда олдинда борсак, ўйин охирида ёки танаффусдан кейин майдонга тушардим — мураббий ҳамма рози бўлишини истарди. Демак, ҳисобнинг бизнинг фойдамизга 1:0 бўлиши мен учун энг ёмони эди — бундай ҳолатларда мени туширишмасди (кулади)

— Хўш, сен захира ўриндиғидан туриб айнан нималарга эътибор берардинг, қайси тактик жиҳатларни қайд қилардинг? 

— Мен шунчаки, фикран ўйинга тайёргарлик кўрардим. Менинг ўйинни чуқур таҳлил қилиб ўтиришим, бу ҳақида сал ошириб юборишган тўғри, лекин ростан ҳам ўйинга тушишга тайёргарлик кўрардим — масалан, қайсидир қанот ҳимоячиси жуда секин югураркан, мана бу марказий ҳимоячини юқори қаватда доғда қолдиришим мумкин, шунга ўхшаш. 
Бу ҳақиқатан ҳам жуда муҳим, олдиндан рақибнинг ожиз ва устун томонларини пайқаш, шу орқали ўйинга тушганда қандай ҳаракатлар қилиш мумкинлигини ёки мумкин эмаслигини белгилаб олиш.

— Ана энди, мураббий сифатида бу қобилиятинг билан футболчиларингни тайёрлаяпсан, тўғрими?

— Албатта. Айниқса, захирадаги футболчиларга айтаман — уларда майдонга тушиб, ўйинда бурилиш ясаш имконият бор. Нолиб ўтиришдан ҳеч қандай фойда йўқ.

— Сени «суперзахира» деб аташлари жахлингни чиқармасмиди, ростини айт?

— Ростини айтсам, йўқ, жахлим чиқмасди. Қайсидир паллада, футбол фаолиятим якунланаётганда сездим — мен Босс учун мукаммал захира ўйинчиси бўлган эканман. У менинг жанжал қилмаслигимни, нолимаслигимни, майдонга тушсам, ўйинни ўзгартира олишимни биларди. У менга жамоавий ўйинчи сифатида ишонарди. Албатта, ўйиннинг бошидан майдонга тушиш ёқимли, лекин ўз ролимдан ҳам рози эдим.

— Яна бир савол, менимча, илгари сендан бу ҳақида сўрашмаган. Тедди Шерингем ва Энди Коул бир-бирлари билан чиқишмас экан. Сен учун қандай бўлган — улар иккиси билан бирга ўйнаш ёки қайсидир бири билан ноқулай эмасмиди?

— Йўқ, мутлақо. Футболчилар бўш вақтларида бирга бўлмасликлари майдондаги ҳолатга таъсир ўтказмасди. Фақат бир марта шундай воқеа бўлган — фақат бир ўйинда, шундан кейин улар майдонда биргаликда жуда яхши ўйнашган, «йўқ, сенга пас бермайман» қабилидаги ҳаракатлар бўлмаган. Агар шундай бўлганда ҳам, Босс дарров буни сезган бўларди, бизнинг профессионаллигимизга бўлган ишончини поймол қила олмасдик. Одамлар ўзаро чиқишмасликлари, бирга тушлик қилмасликлари мумкин, лекин майдонда бор имкониятни ишга солиш лозим. 

— Ҳозир ҳам ўзингни «Манчестер Юнайтед» билан боғлиқ ҳис қиласанми? Қандай?

— Эҳ, албатта. Бундан қутулиб бўлмайди. Назаримда, ажойиб кунлар қайтмоқда — Златан биз билан, Мхитарян, Пол қайтди, уни ёшлар жамоасида мураббийи бўлганман. Яна машхур футболчилар «Юнайтед»да ўйнай бошлагани завқли. «Боро»ни ютган ўйинимиз зўр бўлганди, Пол сўнгги дақиқаларда гол урди-ку, эсингиздами? Янги йил олдидан эди адашмасам. Ўғлим Ноа билан бирга томоша қилгандик. Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганда ютқазаётгандик, мен унга: «хавотир олма, биз ютамиз, бундай ўйинларни кўп кўрганман» дегандим.

— Якунда ғалаба қозонилганда, хонада югуриб, ирғишлагна бўлсанг керак?

— Ҳа! Кейин Боссга смс ёздим: «биз ҳам шунақа қилгандик, тўғрими?». Ундан жавоб келганди: «ҳа, бир икки марта шунақа бўлганди». Кейин биз уни туғилган куни билан табрикладик, худди ўша эски кунлардек.

— Нима деб ўйлайсан, ҳаммасини эски ҳолга қайтариш ва навбатдаги чемпионликни ютиш Моуриньонинг қўлидан келадими?

— Ҳа, биз чемпион бўламиз, бу йўлда тўғри кетяпмиз, деб ўйлайман. Албатта, лигада кўп нарса ўзгарган. Илгари кураш фақат биз ва «Арсенал» ўртасида кечарди. Кейин «Челси» қўшилди. Ҳозир эса, «Сити» бор, «Тоттенҳэм» бор, «Ливерпуль» ҳам қайтмоқда — соврин учун камида олти жамоа курашяпти. Лекин ишончим комилки, Моуриньодек кучли шахс ва жалб қилинаётган футболчилар билан ғалаба қозона оламиз.

— Қайси жамоага қарши ўйнаш сенга кўпроқ ёқарди? Тақвим чиққанида асосан қайси жамоани излардинг?
— «Ливерпуль». Биринчи навбатда «Ливерпуль» билан ўйинларни қидирардим. «Сити», адашмасам, бир неча мавсум Чемпионшипда ҳам юрганди, тўғрими?

— Ҳа, 1999 йилда, зўр-а?

— Демак «Ливерпуль»га қарши ўйинларга эътибор қаратардим. Айниқса, сафардаги ўйин ҳақида кўп ўйлардим — ўша ўйин ёзилган қаторга қарардимда: «биз уларни ўз уйларида ютишимиш керак» деб қўярдим. Буни кўп марта уддалаганмиз.

— «Камп Ноу»даги ўйинчи? Ҳалигача сендан ўша хотираларни сўрашса керак?

Архив фото

— Ҳа, бу ўйин ҳақида шунча кўп гапирганманки, доимо хаёлимда туради. Ўшам ўйин билан боғлиқ кичик деталларгача эсда қолган. Эсимда, ўйин олдидан Жим Райанга «бугун мен билан нимадир буюк воқеа бўлади» деб юборгандим.

— «Чарльтон»га қарши ўйинда майдонга тушганингни стадиондан кузатгандим. Сен оғир жароҳатдан тузалиб қайтдинг ва гол урдинг. Ўша қисқа муддатга қайтишинг сен учун шунчалик аҳамиятли эдими?

— Тиззамдан олинган жароҳат шу бўйи тикланмади, лекин бу бошқа мавзу. Мен жароҳат олганимда Ноа уч ёшда эди. Кейин мен қайтишга ҳаракат қилдим, лекин ўхшамади. Операция столига ётганимда ўғлим 4 ёшда эди. Биласизми, отам юнон-рум кураши билан шуғулланган ва олти карра Норвегия чемпиони бўлган. Аммо у пайтларда мен ҳали туғилмагандим, яъни унинг ғалабаларига гувоҳ бўлмаганман, фақат газетадан ўқиганман. Айтдимку, мен ўйнаб юрганимда, Ноа жуда ёш эди, мени тикланиш жараёнида фақат шу фикр мотивация берарди — Ноа менинг «Олд Траффорд»да урган голимни кўриши ва бутун умрга эслаб қолиши керак!

— Қойил, бу ажойиб!

— Қайтишимнинг энг муҳим сабаби шу эди. «Чарльтон»даги ўйинда гол урганим, ажойиб ҳиссиёт, чунки ўша голдан бироз олдин қулай вазиятни бой бергандим. Голдан сўнг ўзимни енглил ҳис қила бошладим. Лекин айниқса, кейинги турда, уй учрашувида «Ньюкасл»га урган голиб бутунлай бошқа ҳиссиёт. Ноа стадионда эди, ҳамон голдан кейин у қўлларини кўтариб нишонлагани кўз олдимда турибди. Ҳаддан ташқари бахт бу. Менимча, бу фаолиятимдаги энг буюк дақиқалар. Қайтганимдан кейинги.

— Бу сен учун энг севимли гол экан-да?

Архив фото

— Мен учун энг севимли дақиқалар — ўйин тугаб майдондан чиқиб кетаётганимда, ўғлим қўлларини мушт қилиб ғалабани нишонлаётганди. Йиғлаб юбораман деб ўйлагандим. Лекин, албатта, 1999 йил финалидаги гол жуда катта воқеа эди. Энг зўр голимни эса, Чемпионлар Лигасида Грацнинг «Штурм» жамоасига ургандим. Жарима майдони чизиғидан, ҳаводан келаётган тўпни чап оёқ билан дарвозага жойлагандим.

— Кейин бир неча бор еврокубокларни ютиш имкониятини бой бердинглар. Рой Кин ўз китобида «Байер»га қарши майдонга тушган таркибнинг ғалабаларга чанқоқ бўлмаганини ёзганди. Шу фикрга қўшиласанми? Ёки гап фақат омаддами?

— Албатта, бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин, лекин биз жуда яқин эдик — 2:1 ютаётган паллада Вероннинг зарбаси икки марта дарвоза устунига тегди вп улар қарши ҳужумда ҳисобни тенглаштиришди. Бу омад бўлмасдан нима? Футбол бу!

— Кантона ва Кин каби кучли шахсиятлар билан бирга ўйнаш - қандай? 

Архив фото

— Фантастика. Улар бир-бирларига ўхшамайдилар, лекин Кин — бу мен учун энг зўр сардор эди. Мен учун. Кўп марта мендан сўрашган: бирга ўйнаган шерикларим ичида энг яхшисини танлашим ҳақида. Айтишим мумкин, Кантона менинг позициямдаги энг зўр футболчи, Роналду — у ҳозир дунёдаги энг яхши ўйинчи, Гиггз — ажойиб хислатлари учун, Скоулз — менимча, у жамоамиздаги энг яхши ўйинчи эди, Бекснинг ажойиб паслари учун, Яп Стам ва Рио — улардан ҳеч ким ўтиб кета олмасди, Лоран Блан, чунки у ҳақиқий афсона, лекин агар бир кишини танлаш керак бўлса, у  — Рой Кин. Унинг жамоага ва атрофдагиларга бўлган таъсири, қилган меҳнатларини ўлчаб бўлмайди. 

— У сенга кўп бақирармиди? Ёки бундай воқеалар кўп бўлмаган, шунчаки, ошириб юборишганми?

— Ҳа, бўлган бир неча бор, лекин ҳозир жуда яқин дўстмиз. Тез-тез қўнғироқлашиб турамиз, смс ёзишамиз. Англияга бориб қолсам, бирга қаҳва ичамиз. Мен у нега ўзини шундай тутганини тушунаман — шу орқали у жамоа ўйинига, жумладан, менинг ўйинимга ижобий таъсир кўрсата олган. Жамоа футболчиларнинг энг яхши ўйинларига муҳтож эди ва сардор сифатида Рой шуни талаб қиларди. Рой Киндан гап эшитмаган футболчилар, сизлар омадсиз экансизлар.

— «Ньюкасл» билан ўйин. Сени майдондан чиқариб юборишганди. Фергидан роса гап эшитгандирсан?

— Аслида, ўшанда мени койишмаса керак, деб ўйлагандим. Ўша палла учун энг тўғрисини қилдим деб билгандим. «Арсенал»дан бир очко ортда қолиб чемпионликни бой берганмиз ўша йили. «Ньюкасл» билан ўйиннинг сўнгги дақиқаси эди, ҳисоб — 1:1. Бизга ғалаба жуда зарур эди. Ўша ерда гол ўтказмаслик ва ғалаба тўпини киритиш имкониятини сақлаб қолмоқчи бўлдим. Олдимда икки йўл бўлган, ё пенальти тепишади, ёки ҳозир ҳужумчи очиқ дарвозага гол уради. Албатта, бу ҳалол усул эмасди, аммо мен кичик бўлса-да, имконият сақлаб қолишни ўйладим. Шерикларим елкамга уриб олқишлашди, жамоа учун ўзингни қурбон қиляпсан, баракалла, дейишди. Аммо мураббий бор аламини мендан олишни истади ва эртасигаёқ ўз хонасига чақирди. Оҳҳо, бу жуда қаттиқ бўлганди. Гап қайтариш ёки ўзингни оқлашга имкон йўқ. Шунчаки, борича қабул қиласан ва йўлингда давом этасан.

— Агар у жаҳлини чиқармаганда, хотиржамроқ бўлармидинг?

— Ростини айтсам, агар у танаффусда «баракалла, Оле» ёки «янаям диққатлироқ бўл» деб ўгит бериб турса, янаям мамнун бўлардим. Ўйлашимча, у менга ишонган. Босснинг энг буюк хислати шу эдики, у одамларни бошқаришда устаси фаранг эди. Қачон бақириш керак, қачон индамаслик фойдалироқ, буни сезарди, у сени қай усул билан энг яхши ҳолатда ушлаб туришни биларди.

— Агар киритилган голларни бир четга қўйсак, клуб билан боғлиқ энг яхши хотираларинг борми?

— Мен доим асосий таркибнинг алмаштириб бўлмас ўйинчиси бўлишга ҳаракат қилганман. Бунга юз фоиз ишонмагандирман, лекин жамоага фойда келтира олишимни билардим. 1998 йилнинг ёзида «МЮ» ва «Тоттенҳэм» менинг трансферим бўйича келишиб бўлишганди, лекин Босс туфайли бу амалга ошмай қолган. Мени олдига чақирди ва: «Клублар ўзаро келишувга эришиб бўлишди, аммо мен сенинг кетишингни истамайман. Биз Дуайт Йоркни сотиб оляпмиз, лекин сен қолсанг, етарлича ўйин вақтинг бўлади ва жамоанинг муҳим бўлаги бўласан» деди. Менга шу сўзлар етарли бўлган. Кейин эса, «Фақат сен билан гаплашганимни ҳеч кимга айтма» деб қўшиб қўйди. Мавсум охиридаги голимдан кейин, бу ҳақида айтса бўлаверади, ўшанда Босс мени «МЮ» да олиб қолганди.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.