Ироқ Курдистонида мустақиллик бўйича референдум ўтказилгандан кейин Бағдод бу ҳудуд устидан назоратни куч билан қайтаришга қарор қилди.

27 сентябрда Ироқ парламенти депутатлари Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободийга Курдистоннинг нефть ҳудуди ҳисобланувчи Киркукка қўшинлар киритиш ҳуқуқини берди. Қўшинлар барча баҳсли ҳудудларда 2014 йил 10 июлдаги ҳолатга мос равишда жойлашишлари керак.

Ҳукумат мухториятдаги нефть конлари устидан назоратни федерал нефть вазирлигига қайтармоқчи.

Ал-Ободий парламент олдидаги чиқишида Бағдод Ироқ Курдистони устидан назоратни куч ва конституция ёрдамида қайтаришига ваъда берди.

“Бир ватаннинг ўғлонлари орасида уруш бўлмаслиги керак, бироқ биз қонунни қабул қиламиз ва сиз ўшанда кўрасизлар”, деб айтган ал-Ободий. 

Бош вазир курдларни референдум натижаларини бекор қилишга чақирган. 

Ўз навбатида вилоят губернатори Нажмиддин Карим курд мухторияти хавфсизлик кучлари Ироқ армиясига баҳсли нефть туманига киришига йўл бермаслигини айтган. 

“Армия келишига ҳожат йўқ. Биз бунга йўл қўймаймиз. Биз армиянинг Мўсул, Ҳавижа, Рамадида бўлганидаги позициясини яхши биламиз. Биз Киркукда хавфсизлик кучларимизга таянамиз, улар орасида Пешмерга, Асаиш (хавфсизлик кучлари), полиция бор”, деб айтган губернатор.

25 сентябрда ўтган референдумда Курдистоннинг аксарият аҳолиси мустақиллик учун овоз берди. Овоз беришнинг якуний натижалари 28 сентябрда эълон қилинади.