Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 2-турида Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши кечган учрашув Криштиану Роналду учун Мадрид клуби сафидаги 400-ўйин бўлди.

«Реал» сафидаги юбилей ўйинда Роналду иккита гол урди, яна бир гол Гарет Бейл ҳисобига ёзилди ва «Боруссия» 3:1 ҳисобида мағлуб этилди. 32 ёшли португалиялик ҳужумчи 400 ўйиндан кейин голлари сонини 412тага етказди. Клуб тарихидаги энг яхши ҳужумчи жамоа учун энг кўп ўйин ўтказган хорижлик футболчилар сафида Роберто Карлос ва Марселодан кейин учинчи бўлиб турибди.

«Реал» учун Роналду Испания чемпионатида 267 ўйин, Чемпионлар лигасида 90, Испания Кубогида 30, Испания Суперкубогида 7, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 4 ва УЕФА Суперкубогида 2та ўйин ўтказган.

Роналду «Реал»га 2009 йил ёзида «Манчестер Юнайтед»дан ўтган, ўша йилнинг 29 августида «Депортиво»га қарши кечган ва 3:2 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда дебют қилган. У Мадрид клуби билан 14 соврин ютган: 3 марта Чемпионлар лигаси, 3 марта УЕФА Суперкубоги, икки марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги, икки мартадан Испания чемпионлиги, Испания Кубоги ва Испания Суперкубоги. У 4 марта жаҳоннинг энг яхши футболчиси деб тан олинган.