«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду Европа Чемпионлар лигасида иккинчи тур ўйинларининг энг яхши футболчиси бўлди. У 35 фоиз овоз олиб барча рақибларни ортда қолдирган.

Ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлиш учун Роналдудан ташқари, Андрес Иньеста, Ҳарри Кейн, Неймар, Ромелу Лукаку, Кевин де Брюйне, Гонсало Игуаин ҳамда Венсан Абубакар даъвогарлик қилишганди.

Португалиялик футболчи Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши кечган ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда дубль қайд этганди.

Икки тур ўйинларидан кейин Роналду ҳисобида 4 гол бор. У тўпурарлар пойгасида иккинчи ва учинчи ўринларни «Севилья» ҳужумчиси Виссам Бен-Йеддер билан бўлишиб турибди. «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кейн эса 5 гол билан яққол пешқадам.