Асли хоразмлик Мақсад Аллаёров бегоналар билан тез дўстлашиб, одамлар қалбига йўл топа оларди. Мабодо у тадбиркор бўлганда, ижобий натижаларга эга бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин Мақсад бошқа йўлни танлади. У ўзидаги ишонтириш санъатини кимларнидир алдашга, кимларнидир чув туширишга сарфлади. Шунинг учун ҳам 26 ёшли йигит беш марта жиноят содир этишга улгурди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Суд биносидаги очиқ суд мажлисида унинг пластик картадаги пулни нақдлаштириб беришдаги жиноят иши кўриб чиқилди. 

Судда маълум қилинишича, Юнусобод туманида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган М.Аллаёров ўтган йилнинг июль ойида интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали тошкентлик Садоқат Даминова билан танишиб қолади. М.Аллаёров унга ўзини Шоҳрух деб таништиради ва пластик картадаги маблағни ўн олти фоизга нақд қилиб бериши мумкинлигини айтади. Сохта ваъдага ишонган С.Даминова ўн тўрт миллион сўми бўлган пластик картани “Шоҳрух”га топширади.

Фирибгар М.Аллаёроқ С.Даминованинг ишончига кириш учун дастлаб 4,5 миллион сўм миқдордаги пулни нақдлаштириб беради ва улар биргаликда С.Даминованинг опасига пулни вақтинча омонат сифатида топширади. Бироқ эртаси куни М.Аллаёров шошилинч равишда ушбу маблағни унга қайтариб бериб туришни, карточкадаги пулларни тўла нақдлаштиргач, ҳаммасини бутун қилиб беришини айтади. С.Даминованинг опаси синглисининг ишончли танишига ҳеч иккиланмай пулни тутқазади. М.Аллаёров эса барча пулни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Судланувчи М.Аллаёровнинг айби суриштирув жараёнида тўпланган тушунтириш хатлари, юзлаштириш баённомалари ва бошқа объектив далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Суд томонидан М.Аллаёровга тегишли жазо тайинланди.

Яна бир ҳолат. Хатолардан хулоса қилиб яшаш инсонни яхшиликка етаклайди, дейишади. Лекин тошкентлик Абдушукур Нурматов илгари жиноят содир этганига қарамай, хатоларидан хулоса чиқармади. Унинг қинғир йўлдаги қадами навбатдаги жиноятидан кейин тўхтатилди.

Тошкент шаҳар, Миробод туманида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган А.Нурматов шу йил 6 июль куни тунги соат 03:00 атрофида Чилонзор тумани ҳудудида “Нексия” русумли автомашина эшигини бузиб, қимматбаҳо буюмлар излаётганда автомашина ҳайдовчиси томонидан тутиб олинди.

Унинг айби жиноят ишида тўпланган жабрланувчиларнинг тушунтириш хатлари, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси, экспертиза хулосаси ҳамда иш материалларида мавжуд бошқа объектив далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Суд А.Нурматовни айбдор, деб топди ва уни бир йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.