Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳри полицияси банкни тунамоқчи бўлганликда гумон қилинган 16 кишини қўлга олди, деб хабар бермоқда Globo телеканали.

Маълум қилинишича, жиноятчилар ғараз ниятларини амалга ошириш учун 500 метр узунликка эга туннел қазишган. Бу туннел Banco do Brasil банки омборига олиб борган. Тергов тахминига кўра, гумонланувчилар миллиард реал (318 млн доллар) ўғирлашмоқчи бўлишган. Полицияда аниқланишича, жиноятчилар туннелни қазиш учун миллион долларга яқин пул сарфлашган. Маълум қилинишича, агар бу ўғрилик амалга ошганда у Бразилия тарихидаги энг йирик ўғрилик бўларди. 

Аввалроқ ҳам Форталезадаги Бразилия марказий банкини тунашда туннел қўлланган. Ўшанда ўғрилар ўйлаган режаларини амалга ошириб, банкдан 52 млн доллар олиб чиқиб кетишган. Туннелнинг ўзи эса 60 метрлар атрофида бўлган.