Октябрь ойининг бошида кунларнинг кескин совуб кетганлиги пахта йиғим-терими мавсумига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қўймади. Албатта, бундай шароитда далаларда ҳали терилишини кутиб ётган мўл ҳосилнинг тақдири кишини ташвишга солмасдан қўймайди.

21 сентябрь куни Бош вазир А.Ариповнинг бюджет соҳаси ходимлари, айниқса ўқитувчилар ва шифокорлар, олий ўқув юртлари талабаларининг пахтага йиғим теримига чиқаришни тўхтатиш ҳақидаги қарори эълон қилингач, улардан бошқа турли соҳа вакилларини пахта йиғим теримига жалб қилиш ҳолатлари кўпайди.

Жумладан, Марказий банк раиси ўринбосари Ш.Атабаев томонидан 26 сентябрь куни имзоланган, факс орқали қабул қилинган хат суратлари тарқалди. Унга кўра, тижорат банклари бошқаруви раислари ва Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари бошлиқларидан 2017 йил пахта ҳосилини йиғиб териб олинишига кўмаклашиш мақсадида банкнинг ҳар бир ҳудудий филиалларида ишлаётган ҳар бир ходим 5 нафардан теримчи пахта йиғим-теримига жалб этилишини ташкил қилиши сўралган.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят фаоллари билан пахта йиғим-теримига бағишлаб ўтказилган йиғилишда пахта мавсуми юзасидан вилоят аҳолисига мурожаат қилар экан, бюджет соҳаси ходимлари ва талабаларни пахтага мажбурий чиқариш жиноят эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бундан аввал ҳам Халқаро пресс-клубда бир қатор вилоятлар ҳокимлари пахта йиғим теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланмасликлари эълон қилинган эди.

Айрим жойларда ўқитувчилар ва шифокорлар пахтага чиқарилмаётган бўлишса-да, улардан теримчилар учун пул йиғиш каби ҳолатлар юз бермоқда. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Сенати қабул қилган қарорда «давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида депутатлик ҳамда жамоатчилик  назоратининг барча шаклларидан фойдалансин», деб таъкидланган. Шу жиҳатдан мустақил KUN.UZ таҳририяти ўз зиммасидаги масъулиятни бажармоқда. Қолаверса, ўз дардини ёзиб таҳририятимизга мурожаат қилган ўқувчиларимизнинг хитоблари жавобсиз қолиб кетишини истамадик.

Таҳририятимизнинг «қайта алоқа» бўлимига йўлланаётган хатлар (адолат юзасидан айтиш керакки, қуйида берилаётган хатлар бош вазирнинг селектор йиғилишдан сўнг йиғила бошланган эди) айрим жойлардаги вазият бош вазир ва вилоят ҳокимлари ва аҳоли хоҳлаётганидек эмаслигини кўрсатмоқда. Ўқитувчи ва шифокорлар ҳамон пахтада. Фақат энди улар «ўз ихтиёри» билан «маҳалла томонидан» чиқишмоқда. Ҳатто талабаларни ҳам турли кўринишда пахтага қайта жалб қилиш бошланган. Келинг, уларнинг айримларига эътибор қаратсак.

«Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Радивон қишлоғидаги 52-сонли умумий ўрта таълим мактабида хар бир ўқитувчидан пахтага деб одам топиш ёки пул маблағи 200 минг сўмдан то 350 минг сўмгача пул маблағи йиғилмоқда. Уларни «пул берасан ёки ўзинг бориб пахта терасан, ёки ишдан бўшайсан», деган пўписалар билан қўрқитилмоқда».

* * *

«Қашқадарёда бюджет ходимлари маҳалла вакили номи остида қайтадан пахта йиғимига қайтарилмоқда».

* * *

Ҳурматли Кун.уз таҳририяти. Охирги бир ҳафтада пахта сиёсати бўйича мамлакатимизда бюджет ходимлари учун чиқарилган қарорларни ўқиб жуда ҳам қувондик. Лекин айрим «мансабдор шахслар» борки, ўз қўли остидагиларга, бу қарордан кейин ҳам пахтага чиқармаса ҳам, пул сўрамоқда. Самарқанд туманидаги тиббиёт ходимлари бу масала бўйича қандай ҳаракатланишига ёрдам берсангиз».

* * *

«Ҳукуматимиз пахтадан ҳаммани қайтарган бир пайтда нега Сирдарё вилоят тиббиёт ходимлари ётоқдан қайтмаяпти ёки Сирдарёга пахта мажбурийми? Жавоб учун раҳмат».

* * *

«Андижонда мажбурий меҳнат давом эттирилмоқда. Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг кўплаб ишчилари пахта даласида. Юртимизда касбига қараб ажратиладими? Ҳамма тенг ҳуқуқли эмасми? Ўзбекистонга электр энергия керак эмасми? Пахтадан қайтарилганлар ўрнини тўлдириш учун бошқа касб эгаларидан теримчилар сони оширилмоқда. Пахта нормасини бажармаганлар ишдан ҳайдалиши билан пўписа қилинмоқда? Журналистлар бу ҳолни ўз вақтида ёритиши керак-ку?!»

* * *

«Меҳнатларингизни юксак қадрлайман. Мен мактабларда янгича пахта теримга ёндашувни ёзмоқчиман. Ўзим ўқитувчиман. Янги қарордан хурсанд эдим, аммо у узоққа чўзилмади. Энди маҳаллада 5 та аёлни топиб, мактаб уларга кунига 25.000 сўмдан пул тўлаб, Қозоқовул (Марказий Фарғона) га 15 кунга жўнатиши керак экан. 15*25000*5=1.875.000 сўм бўлади. Албатта, бу пул мактаб жамоаси чўнтагидан тўланади. Буниси майлику-я, лекин у аёллар бориб ё пахта теради, ё термайди, шуниси алам қилади. Ана сизга янгича ташаббус. Бошқа жойларда нима гаплар?»

* * *

«Андижон шаҳрида жойлашган 20-сонли мактаб ўқувчиларининг ота-онаси пахтага 40 минг сўмдан пул топширишга ëки кунлик пахтага мажбурланмоқда. Пул бермаган ёки пахтага чиқмаган ўқувчиларни дарсдан четлатишмоқда ёки синфдошларининг орасида изза қилишмоқда. Мактабга ёш, иқтидорли ўқитувчиларни ишга қабул қилишмайди. Ҳамма ўқитувчилар нафақа ёшида. Таълим даражаси ҳам ортда қолмоқда. Порталга ёзсангиз, айбдорни топиб, чора кўришнинг ўрнига, ёзган одамни диққат қилади. Ҳокимга чиқсангиз, кетингизга тепади».

* * *

«Ассалому алайкум Кун.уз ижодкорлари. Мен Самарқанд вилояти Булунғур туманида истиқомат қиламан, тадбиркорман. Булунғур туманида ҳамма фермер ва тадбиркорларни пахта теримига мажбурлаб олиб кетишаяпти. Яъни, Булунғур тумани давлат солиқ инспекцияси ва ҳокимлик томонидан босим ўтказишаяпти. Энг алам қиладиган тарафи — ҳужжати бор тадбиркорларгина бунга мажбурланаяпти, кўча-кўйда ҳужжатсиз савдо билан шуғулланаётганларни пахта теримига олиб боришмаяпти, чунки улар давлатга солиқ тўлашмайди-да! Бизнинг айбимиз ҳужжат қилиб, қонуний йўл билан ишлаётганимиздами? Илтимос, шу масала билан танишиб чиқсангизлар. Исмим сир бўлиб қолишини хоҳлар эдим».

* * *

«Мажбурий меҳнатни йўқотамиз деб нега яна ўқитувчилар ҳафтасига 4 кун пахтага чиқариляпти шунга ойдинлик киритсангиз».

* * *

«Ассалому алайкум. Мен Олмалиқ шаҳрида истиқомат қиламан, турмуш ўртоғим Олмалиқ тиббиёт коллежида ўқитувчи лавозимида ишлайди. Куни-кеча коллеж маъмурияти об-ҳаво совиши муносабати билан пахта йиғим-терими учун коллеж ходимларидан 140.000 (бир юз қирқ минг) сўмдан пул йиғишни талаб қилишибди. Айтишларича, бу шаҳар ҳокимлигининг буйруғи бўлиб, ҲОМИЙЛИК ЁРДАМИ кўринишида йиғилиши лозим экан. Албатта, бу масала ўрганилса коллеж маъмурияти ҳам «ҳокимлик» ҳам бу ҳақида ҳеч-қандай гап сўз бўлмаган, деб рад этишлари аниқ. Сизлардан илтимос, ушбу йиғди-йиғдиларни тўхтатишга ёрдам беринглар. Ойлик иш ҳақларини 100% пластик карточкага ўтказишиб, яна нақд пул йиғиб олишади. Майли, бу энди бошқа масала. Аризачини ошкор этмайсизлар, деган умиддаман».

* * *

«Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Маҳмудович Эгамбердиев 5 октябр куни тумандаги мактаб директорлари ва мактаб ёшлар етакчилари билан йиғилиш ўтказди ва ҳамма мактаб етакчилари ҳамда иккитадан ўқитувчи билан, тумандаги 29 мактабга 25 кунлик ётоқ билан пахтага жўнатди. Наҳот давлат раҳбарлари тарафдан ўқитувчиларни пахтадан озод қилинганлиги унга таъсир қилмаган бўлса?!»

Сўнгги хат эътиборимизни алоҳида тортди. Чунки Носиржон Эгамбердиев август ойида мустақиллик байрамига келмаган мактаб директорларни калтаклагани билан машҳур бўлган эди. Энди эса ҳукумат қарорига қарши бориб, ўқитувчиларни пахтага теришга мажбурлаш шуғулланмоқда.

Таҳририятимизга Қарши шаҳрида жойлашган «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси У.Аманов имзолаган буйруқ ҳам келиб тушди. Унга кўра акциядорлик жамиятининг ходимлари Тошкент вилояти Оққўрғон туманида пахта йиғим-теримига жалб қилиниши назарда тутилган. Штаб тузилган, сафарбарлик учун жамиятга бўйсунувчи корхоналардан ходимлар ва транспорт ажратилган.

Самарқандда баъзи олийгоҳ талабалари ҳам Ёшлар иттифоқининг фидойи ёшлар отряди сифатида қайтадан пахтага жалб қилинаётгани ҳақида ҳам хабарлар келиб турибди. Йигитлар — ётоққа, қиз болалар — кунлик теримга. 1 миллион сўм даромад қилиш учун иқтисодиётга 2 миллион сўмлик зарар етказиш «ҳадиси»ни олган айрим туман ҳокимлари ҳамон эскича усулда ишлаб, тумандаги марказий бозор ва дўконларни беркитиши, тўйларни тақиқлаётгани ҳоллари ҳам учрамоқда.

Хоразмдаги туманлардан бирида ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғининг фуқароларга 1 тонна пахта териб бермаса, томорқа майдони давлат ихтиёрига қайтариб олиниши ҳақида пўписа қилингани ҳақидаги хат ҳам ижтимоий тармоқларда айланмоқда.

Албатта, пахта терими борасида фақат салбий хатлар эмас, уни тезроқ, нес-нобуд қилмасдан йиғиб териб олиш учун мурожаатлар ҳам келмоқда:

“Сизларга шуни ёзиб маълум қиламанки, мен Норбоев Ҳаётжон Самарқанд вилоят Нарпай тумани Исломобод маҳалласида истиқомат қиламан. Ҳозирги вақтда пахта йиғим терими бошланган бери маҳалламизда истиқомат қилувчи 18 ёшдан 30 гача бўлган кўнгилли ва уюшмаган ёшлар билан ташаббус кўрсатиб Ёш пахтакорлар гуруҳи тузганмиз. Гуруҳимиз бошида 15 нафардан иборат эди, ҳозирга келиб сафимизга келиб қўшилиш давом этмоқда. Кунига ўрта ҳисобда бир киши 53–55 кг пахта термоқда. Ҳамма шароит яхши, эрталаб маҳалламиз биноси олдига йиғиламиз ва бошқа кўнгилли маҳалла фаоллари билан пахта далаларига кетамиз. Бизда энг яхши теримчилардан Саидов Фарҳод — 26 ёш, Авазова Зуҳра — 24 ёш, Юсупова Турсуной — 27 ёш, Тоштемиров Бектош — 20 ёш, ўз фаолликларини кўрсатиб, бошқаларга ибрат бўлмоқда. Сизларга ушбу хатни йўллашимдан мақсад — бизни гуруҳимизни тарғиб қилишда амалий ёрдам беришларингизни сўрайман. Бунда давлатимиз ҳам қолаверса бошқа маҳаллалардаги ёшлар ҳам фойда куради. Биринчидан, уюшмаган ёшларни вақти мазмунли ўтади ва вақтинча иш билан таъминланади. Иккинчидан, ҳар бир ёш ўрта ҳисобда 50 кг пахта терса 1 кг пахта 500 сўмдан 25000 сўм ишлаб олиш имконияти бўлади”.

Ёки Қорақалпоғистондан келган ушбу хатга, позитив чорловга эътибор беринг. Аслида ҳар бир фермер ишни мана шу тарзда ташкил этиши керак эмасми?

«Ҳурматли фуқаролар!

Сизни, 2017 йил пахта йиғим-терим мавсумида иштирок этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманига мавсумлик ишга таклиф этамиз. Теримчиларга ҳар бир терилган бир килограмм пахта учун 500 сўмдан тўланади.

Кун давомида 100 килограммдан ортиқ пахта терган теримчиларга қўшимча эсдалик совғалар берилишига, ётоқ жой ва икки марталик иссиқ овқат билан таъминланишига кафолат берамиз.

Бундан ташқари, бошқа қўшни шаҳар ва туманлардан келиб, теримда иштирок этишни хоҳловчиларга, Қонликўл туманига келиб-кетиш транспорт харажатларини ўзимиз тўлаймиз.

Агар, Сиз давлатимиз хирмонига ўз улушингизни қўшишга ва даромад топишни истасангиз: қуйидаги телефон рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз: телефон 0(361) 332-13-06

Қорақалпоғистонлик фермер акамизнинг чорловидан фарғоналик мутасаддилар хабар топиб, нотўғри тушунишган шекилли, ортидан бу тарзда шикоят келди:

«Ассалому алайкум, ҳурматли журналистлар. Мен Фарғона вилояти Бешариқ тумани мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Мана шу хатни ёзишимдан бироз олдин директор ва директор ўринбосари уйимизга келиб, эртадан узоқ Қорақалпоғистон Республикасига пахта йиғим-терими учун сафарбар этилганлар қаторида эканлигимни, жами 20 та одам эканлигимизни айтиб (тахминимча ҳар бир мактабдан 20 та одам), эрталаб соат 9 да ҳокимлик олдига йиғилишимизни айтиб кетишди. Ўтириб ўйланиб қолдим, куни-кеча Сенатнинг «дабдабали» қарори ким учун чиқарилди-ю, 2 кун ўтиб ҳали мен шу пайтгача кўрмаган (шу пайтгача бунақаси бўлмаган) ҳарбий сафарбарликка ўхшаш мажбурий меҳнат кимлар учун? Ёки бу қарорни айримлар шу тарзда халқ синовидан ўтказишмоқчими? Илтимос, шу мавзуга қизиқиб кўринглар. Мана, мажбурий меҳнат ҳам йўқ бўлаяпти, ўзгараяпмиз, деб севиниб тургандим, устимдан муздек сув қуйиб кетишгандек бўлди. На кулишни, на йиғлашни, деган иборани энди тушуниб етдим».

Пайдо бўлган вазият жуда мушкул. Пахта далаларимизда бор. Уни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, увол қилмасдан йиғиб олиш керак. Мажбурий меҳнат, тўғри, ёмон иллат. Лекин аҳоли ўртасида ҳам кенгроқ тарғибот ишлари олиб бориш керакка ўхшайди. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан мавсумий қишлоқ хўжалиги ва бошқа жамоат ишларини ўтказишга доир ахборот кампанияси самарали ўтказилмаганлиги, ишларнинг паст савияда ташкил этилганлиги, ташкилотлар ва муассасалар, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқон хўжаликлари раҳбарларининг қонун ҳужжатларини билмаслиги мажбурий меҳнатнинг олдини  олиш  ва  унга  йўл  қўймасликка  жиддий  халақит  бермоқда.

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги фермерлардан бири шундай дейди:

«Шаҳардан ёрдамчилар жалб қилинмай қўйилганидан сўнг, маҳаллий аҳолига 500 сўмдан пахта пулини кунлик тўлаб, боз устига, уларга ўз ҳисобимдан тушликда текин иссиқ овқат тайёрлаб, теримга жалб қилишни йўлга қўйдим. 70 фоиз теримчилар тушликкача 20 килограмм пахта териб, текин иссиқ овқатни еб, уйига кетиб юборишаяпти. Дардимни кимга айтишни билмайман. Ахир терса пулини олади-ку шулар?»

Масаланинг бу ёғи ҳам бор-да. Чунки мўл ҳосил етиштирилган. Фермерлар қўлидан келганини қилишди, уни ўз вақтида йиғиб териб олишда ҳамма бир ёқадан бош чиқариши ҳам керак. Лекин бу ишлар ихтиёрийлик асосида амалга оширилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Сенати томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида»ги қарорда ҳам  «мажбурий меҳнатни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг ва халқаро шартномаларининг нормалари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати чораларини кучайтириш зарур»лиги алоҳида таъкидланган. Таҳририят барча мутасаддиларни намунали тарғибот кампаниясини олиб боришга чақириб, нохолис маълумотларни тарқатишдан йироқда эканини билдиради.

Биз бу мавзуда яна чиқишлар қиламиз. Сайтимизнинг электрон почтаси info@kun.uz ёки «Алоқа» бўлимимизга жойлардаги вазият бўйича хабарлар қабул қилишда, уни ёритишда давом этамиз.

KUN.UZ таҳририяти