Октябрь ойининг бошланиши ёмғирли ва изғиринли кунларга тўғри келди. Ёмғир ҳам ёғишга улгурди. Доимо талабалар ва бюджет соҳаси ходимларининг кучига ишонган фермерларимиз аросатда. Шунча ҳосилни нес-нобуд қилмасдан териб олишнинг ўзи бугуннинг энг долзарб масаласи бўлиб турибди.

Эшитяпмиз, ёзишаяпти, корхона ва ташкилотлар пахта йиғим теримига мажбурланаяпти, ходимлар ва хизматчилар оиласи бағридан юлиниб, ўн кунлаб ётоққа жўнатиляпти. Ёки ўрнига мардикор ёллашмоқда. Бундай йўл билан меҳнат унумдорлигига асло эришиб бўлмайди. Шундай одамлар сидқидилдан, юраги ёниб, пахта теришадими? Асло!

Фуқароларимизга вазиятни чиройли тушунтирайлик, уларни мажбурламайлик. Чунки мажбурлаш билан ҳеч қачон кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Буни ҳар бир фуқаромиз ҳам, ҳануз советча ишлаш сиёсатини қўллаётган айрим раҳбарларимиз ҳам тушуниб етишлари керак. Зеро, меҳнатни янгича ташкил этиш, янгича ёндашув даври келди.

Таҳририятимизга Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Шуҳрат Юсуповдан ажиб бир мурожаат келиб қолди.

«Ассалому алайкум KUN.UZ сайтининг жонкуяр ва фидоий ходимлари! Сизлар юртимиздаги ижобий ўзгаришларга юксак баҳо ва камчиликларга танқидий қарашлар билан халқимизнинг кўнглидан жой олиб келиб қолмоқдасизлар. Ана шундай беминнат хизматларингизни қадрлаган ҳолда Сизларга бир таклиф билан мурожаат қилмоқдамиз.

Ҳозирги вақтда пахта йиғим терим мавсумида айрим фуқаролар томонидан пахта теримига чиқишда сансалорликка йўл қўйиш ёки номигагина қатнашиш (кўзбўямачилик), кун ўтса бўлди, «нима пахта меникими, пахта давлатники, давлат ишчилари орқали териб оладида», деган қўпол тушунчалар баъзан учраб туради. Бу эса жуда ачинарли ҳолат. Чунки пахта бу миллий бойлигимиз, юртимиз иқтисодиёти, уни ривожланиши учун муҳим хомашё ҳисобланади. Шу юрт фарзандиман деган ҳар бир шахс юрт келажаги, унинг равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиши, ватанпарварлик ва фидоийлик намуналарини кўрсатиши, бу ишларга бефарқ бўлмаслиги ва ушбу вазифаларни муқаддас бурч сифатида қабул қилиши шарт деб ўйлаймиз.

Шу мақсадда миришкор деҳқонларимиз томонидан етиштирилган мўл ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ишларига Қўқон шаҳрида жойлашган «AROBA TAXI» жамоаси аъзолари ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш учун пахта далаларига чиқиб, пахта тердик. Агар юртимизнинг ҳар бир фарзанди «Фуқаролар давлатнинг асосини ташкил қилади, давлат эса ўз навбатида фуқаролардан ташкил топади, бири иккинчисисиз мавжуд булмайди. Уларни ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар боғлаб туради. Давлатим менга барча ҳуқуқ ва эркинликларимни амалга ошириш ва улардан фойдаланиш учун чексиз имкониятлар яратди, тинчлигимни сақлаш борасида ўз олдида турган мажбуриятларини аъло даражада бажариб қўймоқда. Мен-чи? Мен эса давлатга нима бердим, тайёр етиштирилган оддийгина пахтани термасам нима деган одам бўламан, давлат олдида турган мажбуриятимга, бурчимга хиёнат қилган бўламан. Шундай экан, мавсумда пахта ҳосилини ўз хоҳишим билан, чин юракдан териб жонбозлик кўрсатаман, пахта ҳосили нес-нобуд бўлишига йўл қўймайман», деб ҳаракат қилса, нур устига нур бўларди. Шу сабабли халқимиздан пахта йиғим теримида ўз хоҳишлари билан чин юракдан қатнашиб, фидоий бўлиб, жонбозлик кўрсатишларини сўраб қоламиз, илтимос қиламиз.

Ҳурмат билан «AROBA TAXI» жамоаси.

 

Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокимининг туман аҳлига, пахта йиғим-теримидаги барча ҳашарчиларга мурожаати ҳам ижтимоий тармоқларда кенг шов-шув бўлмоқда. Туман ҳокимининг мурожаати қоғозда чоп этилиб, туман аҳолиси ўртасида ҳам тарқатилган.

«Мана, ўзбек халқининг азалий миллий ифтихори ва ғурури бўлган пахтани йиғиб-териб олиш ҳал қилувчи паллага кирди. 7.039 гектар майдонга чигит экиб, 23.229 тонна «оқ олтин» тайёрлашга бел боғлаган деҳқонларимиз, уларга беминнат кўмак бераётган ҳашарчилар фидойиликлари боис ҳозиргача 12 минг тоннадан зиёд юқори навли ҳосил давлат омборларига топширилди. Таҳлилларнинг кўрсатишича, бугунги кунда биринчи терим ўтказилмаган майдонлар бор. Ана шу майдонлардаги ҳосилни нес-нобуд қилмай, йиғиб-териб олиш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Шу кунларда туманимиз далаларида 10 минг киши теримда қатнашяпти. Агар 10 минг киши ўртача 50 килограммдан натижа кўрсатганда ҳам 500 тонна ҳосил йиғиштириб олинади. Бизда улар сонини 20 минг нафарга етказиш учун барча имкониятлар бор. Бу туман аҳолисининг ўндан бир қисми демакдир.

Доно халқимиз топиб айтганидек, кўпдан қуён қочиб қутулмас. Агар биз уйчиликларнинг доимий анъаналарига содиқ қолиб, ҳамжиҳатликда, елкама-елка туриб меҳнат қилсак, албатта, ниятимизга етамиз. Зеро, туманимиз аҳли ҳамиша лафзининг устидан чиқиб, ваъдага вафо қилиб келган. Чунки ваъдага вафо ҳам иймондан», дейилади мурожаатда.

 

Таҳририятимизга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг мурожаатномаси ҳам етказилди.

«Қадрли аёллар, азиз опа-сингиллар, мунис онахонлар!

Биз, аёл зотига мансуб ҳар биримиз, қалбан фидойилик билан туғилганмиз, юрагимиз фарзанд, оила ва она Ватан деса янада тезроқ, ҳаяжонлироқ уради, етмиш икки томиримизда ғайрат, шижоат уйғониб кетади. Фидойилик бизнинг туғма фазилатимиз, қон-қонимизга сингган одатдир! Сиз биласиз, дунёда жамики неъматлар азиз, лекин биз учун энг азиз, нондек муқаддас неъмат – бу пахтадир. Кўзларимизни қувнатиб қийғос очилган пахтани нес-нобуд қилмасдан териб олиш Сизу биздан ўша энг олий фазилат – ФИДОЙИЛИКни талаб этади.

Азиз аёллар!

Тонг саҳар туриб пахта даласига отланишда қандай ҳикмат борлигини, бундан фарзандларимизга ҳалол ризқ-насиба келтиришимизни ҳеч бир одам Сизчалик англамайди, Сиз каби жону жаҳони билан ҳис этолмайди! Яратганимиз шу пахта далалари ичра эл корига ярашимизга куч бергани учун шукроналар айтиб, янада жипслашайлик, ҳамжиҳатликда пахта терими мавсумини муваффақиятли ўтказайлик! Аёл бўла туриб елкасига оналикни, деҳқончиликни, фермерлигу пахтакорликни ҳам ола билган Сиз каби ҳар бир аёл севимли шоиримиз Сирожиддин Саййид таъбири билан айтадиган бўлсак:

Бу диёрда ору номус, шаъну шавкатдир аёл,

Меҳру шафқатдан яралган, меҳру шафқатдир аёл.

Олам узра бир қуёш бор, битта ой бордир, валек,

Ердаги нур — моҳитобон, шамси талъатдир аёл! — дея улуғланишга муносибдир!

Мана шу сўзларнинг ўзи Сиз азизларга мавсум давомида куч, ғайрат, шижоат бағишлайди, шу сўзлардан куч олиб, пахта хирмонларини кўкка бўй чўздирасиз, шу сўзлар Сизни ҳақиқий қаҳрамонликларга чорлайди деб умид қиламиз!

Мунис онахонларимиз эса, оила аъзоларини қўллаб-қувватлаб, ўзларининг бебаҳо ниятлари билан юртимизни, иш ва ўқишга отланган барча-барчани дуо қилиб турсалар, ҳаётимиз тинч ва фаровон бўлади, дастурхонларимиз ризқу неъматларга тўла бўлади. Шунингдек, бу йил бошқа йиллардан фарқли ўлароқ, терилган пахта учун тўланадиган нарх кескин ошди, иш ҳақи ҳар куни ўз вақтида берилмоқда. Бўш вақтимизни меҳнат билан мазмунли ўтказсак, қайсидир маънода даромадимиз ошади, эҳтиёжларимиз бартараф этилади. Меҳнат инсонга нафақат даромад келтиради, балки ўзига ишонч, мустаҳкам ирода, сиҳат-саломатлик бахш этади.

Шундай экан, ён-атрофимиздаги қўни-қўшниларни, қавму қариндош, яқинларимизни ҳам пахта теримига сафарбар этиб, насибамиз бўлган пахтани йўлларда, ерларда, далаларда сочилиб ётишига йўл қўймай, тез кунларда териб олайлик! Меҳнаткашлик, фидойилик ҳаёт тарзи бўлган барчамиз ҳосил тўйларига омонликда етайлик! Сизнинг ҳалол меҳнатингиз самарасига суянамиз, азизлар!», — дейилади Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг мурожаатида.

«Тунов куни маҳалла фуқаролар йиғинимиз раиси маҳалламиздан пахта йиғим теримига ёрдам бериш учун чиқаётган ёрдамчиларни эрта тонгда тумандаги далага элтиб қўйишни илтимос қилиб қолди, — деб ёзади мухлислардан бири. — Бажонидил рози бўлдим. Тонг саҳар йўлга чиқдик. Баҳонада далаларни кўриб келдим. Далаларда пахта мўл. Фермерларимиз зап меҳнат қилишибди. Маҳаллақўм билан биринчи терим териб олинган пахтазордаги ғўзадан яна очиладиган 19–20 тадан кўсак санаб чиқдик. Лекин шусиз ҳам пахтазор оппоқ бўлиб ётипти. Уни тераётган одамлар эса чамамда пича камроқ эди. Кейинги кунларда ёққан ёмғирда ўша пахта пайкалларию, уни етиштирган фермернинг аҳволига бироз ачиндим».

Ҳа, ҳеч қандай мажбурлаш йўқ. Чиқмасангиз ҳеч ким сизни уришишга, пўписа қилишга ёки босим ўтказишга асло ҳақли эмас. Лекин ҳосил улкан. Деҳқонлар меҳнат қилган. Оқ олтин увол бўлмаслиги керак. Дам олиш кунларида далаларга оилавий чиқиб, тоза ҳавода баҳра олиб, ўйнаб-кулиб, давлатимиз хирмонига ҳисса қўшиш бу ҳам ватанпарварлик белгиси.

1997–1998 йилларда жануби-шарқий Осиёда молиявий инқироз рўй берганида, давлатнинг иқтисодиётини кўтариш учун ҳеч ким мажбурламаса ҳам, Ватан равнақи учун Жанубий Корея аҳолиси ўзлари тақиб юрган тилла тақинчоқларгача олиб бориб, банкларга топширишгани ҳақида ўқиган чиқарсиз. Ватан равнақи учун жонбозлик ана шундай кўрсатилади.

Юртимизда кенг қамровли ислоҳотлар билан янги давр бошланди. Келгусида пахтачалик соҳасида улкан ўзгаришлар юз бериши режалаштирилмоқда. Пахта майдонлари қисқартирилади. Узоқ муддатли режага кўра, унинг ўрни пайдар-пай сабзавот, полиз ва боғдорчилик маҳсулотларига бўшатилади. Пахтани эса, куни-кеча Сенат ялпи йиғилишида таъкидланганидек, машиналарда териб олишга эътибор кучайтирилади. Юртимизда бу соҳага оид конструкторлик бюроси очилмоқда, яқин йилларда пахта машиналарини ишлаб чиқариш йилига 10 минг донагача кўпайтирилади.

Насиб этса, бундай синовли кунлар ҳам ортда қолади, яхши кунлар албатта келади. Лекин бугун етиштирилган ва бугун териб олиниши шарт бўлган ҳосил увол бўлмаслиги керак.

Олтин кузнинг кейинги кунлар қуёшли, илиқ бўлиши кутилмоқда. Қишлоқларда, шаҳарларда бекор юрган, ортиқча вақти бўлган фуқаролар пахта териб, мамлакатимиз хирмонига ўз улушларини қўшишлари ҳақида ўйлаб кўрсалар яхши бўлар эди. Боз устига, бу беминнат хизмат эмас, эвазига яхшигина пул ҳам ишлашлари мумкин.