Ҳиндистоннинг Гужарат олий суди душанба куни 2002 йилда поездга ўт қўйишда айбланган 11 кишига нисбатан ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига алмаштирди. ANI агентлиги шу ҳақида хабар берди

2002 йилнинг 27 февралида "Сабармати экспресс" поездига ўт қўйиш Айодхья шаҳридан зиёратдан қайтаётган 59 нафар ҳинду фаолининг ўлимига олиб келди. 1992 йилга қадар Рам худоси туғилган дея тахмин қилинувчи бу жойда Бабри масжиди бўлган ва у ҳиндулар томонидан бузилган. Бу эса мусулмонлар ва ҳиндулар ўртасидаги тўқнашувларни келтириб чиқарган. Поездга ўт қўйиш ҳам тўқнашувлар сериясининг бошланиши бўлган, тўқнашувлар серияси натижасида мингга яқин киши жабрланган.

2011 йилда суд поездга ўт қўйиш иши бўйича 31 кишини айбдор дея тан олган, 11 нафари ўлим жазосига ҳукм қилинган, яна 20 киши умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган. 36 киши оқланган. Гужарат ҳукумати 63 кишининг оқланишига қарши чиққан, шу билан бирга, ҳукм қилинганлар ҳам суд қарорига қарши чиқишга уринишган.

Душанба куни Аҳмадободдаги Гужарат Олий суди 31 кишига нисбатан айбловни тасдиқлади, фақат 11 кишига нисбатан белгиланган ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилди. 63 кишининг оқлангани эса ўзгаришсиз қолди.