Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати туризм вазири Рита Баугуна Жоши Utter Pradesh Tourism – Unlimited Possibilities (Уттар-Прадеш туризми – чеки йўқ имкониятлар) деб номланган китобчанинг янги версиясини тақдим қилди. Эътиборлиси, сайёҳларга ташриф буюриш тавсия қилинувчи диққатга сазовор жойлар рўйхатидан Тож-Маҳал мақбараси чиқариб ташланган. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда

Штат бош вазири Йоги Адитьянатх эса меҳмон бўлиб келган таниқли инсонларга Тож-Маҳалнинг кичик нусхаларини совға қилиш одатини танқид қилиб келади.

"Тож-Маҳал ва унинг миноралари асл ҳинд маданиятини акс эттирмайди", деб айтган бош вазир. Адитьянатх ўта миллатчи қарашларни қўллаб-қувватловчи "Бхаратия жаната" партияси аъзоси ҳисобланади.

Бу орада Адитьянатх бош қоҳини ҳисобланувчи Горакшанатха индуизм ибодатхонасига буклетнинг бутун бир саҳифаси бағишланган.