Телебошловчи Ксения Собчак 18 октябрь куни «Дождь» телеканали эфирида 2018 йилги Россия Федерацияси президентлиги сайловларида иштирок этиши ҳақида маълум қилди. У ўзини «барчага қарши номзод» сифатида эътироф этди. Шу билан бирга Алексей Навальний сайловларга қўйилган тақдирда ўз номзодини қайтариб олишга ваъда берди. Хўш, хорижий ОАВ Собчак хонимнинг президентлик кампаниясига старт берганига қандай муносабат билдирди?

Le Temps (Женева, Швейцария)

Мухолифат етакчиси Алексей Навальний сайловларда ўз номзодини қўйгунга қадар 2028 йилни кутишига тўғри келади, деди Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова. Ҳозирча эса ҳаммасини олдиндан ҳал қиладиган Кремль президентлик сайловларига қонуний тус бериш мақсадида унга ўриндош изламоқда. «Ведомости»да хабар берилишича, президент маъмурияти Владимир Путинга рақиб сифатида аёл-номзодни излаган. Нашр ультра-консерватив қанотдан бир нечаси (барчаси Путиннинг тарафдорлари) ва Ксения Собчак номзодларини келтирган.

Собчак мустақил телеканаллардан бирида бошловчи бўлиб, аста-секин мухолифат журналист мавқеига эга бўлди. Бироқ барча унинг Санкт-Петербургнинг собиқ мэри, Владимир Путиннинг сиёсий карьерасини йўлга қўйган Анатолий Собчакнинг қизи сифатида яхши танийди. Унинг онаси Людмила Нарусова — мудофаа вазири Сергей Шойгу билан яхши муносабатларда. Бошқача айтганда, Ксения Собчак давлат етакчилари билан аввалгидек яқин.

 

The Guardian (Лондон, Буюк Британия)

Кремлда Ксения Собчак номзоди одатда зерикарли ўтувчи сайловларга қонуний тус бериш усули сифатида қабул қилинади, зеро Путиннинг сайловлардаги рақиблари одатда «бошқарилувчи мухолифат»нинг кекса ёшли сиёсатчилари - коммунист Геннадий Зюганов ва миллатчи Владимир Жириновский. Уларнинг иккиси ҳам анчадан бери ҳеч қандай реал мухолифат эмас, улар Путиннинг сиёсатини қўллаб-қувватлайди.

Президент маъмуриятига яқин манбаларнинг жорий йилда The Guardian'га хабар беришича, Навальнийга ўз номзодини қўйиш учун имкон бериш борасида жиддий муҳокамалар бўлган. Охир-оқибат у яратадиган салбий шовқинлар ҳатто Путин ғалаба қозонган тақдирда ҳам, уни ноқулай номзодга айлантиради дея қарор қилинган.

 

The Daily Telegraph (Лондон, Буюк Британия)

Унинг номзодини қўйиш мотивларининг самимийлигига дарҳол шубҳа билан қаралди. Россияда президент лавозимига номзодлар анъанавий «спарринг-шериклар» ролини ўйнаб, сайловларга қонуний тус бериб турарди. Собчак хонимнинг баёноти 2012 йилги сайловларда жаноб Путинга рамзий мухолифат бўлган Brooklyn Nets эгаси Михаил Прохоров билан боғлиқ вазиятни ёдга солди, у ўшанда сайловчиларнинг атиги 8 фоиз овозига эга бўлганди.

 

The Washington Post (Вашингтон, АҚШ)

Собчак номзодига доир илк хабарлар пайдо бўлганида Россиядаги кўп кузатувчилар томонидан таассуфлар эшитилди - аксарият унинг Кремлнинг навбатдаги мухолифат номзоди эканини тахмин қилди. Ксения Собчак номзодининг илгари сурилиши 2012 йилдаги номзод, олигарх Михаил Прохоровни ёдга солди.

Бироқ бундай маневрларнинг кераги йўқдек - охир-оқибат Прохоров 8 фоиз овоз билан сайловларда мағлуб бўлган, Путин эса 63,6 фоиз овозга эга бўлган. Афтидан, Собчакка ўхшаган номзодлар Россия демократиясига қонунийлик атмосферасини бериш учун керак бўлган.

 

The New York Times (Нью-Йорк, АҚШ)

Либерал мухолифатнинг баъзи етакчилари уни Кремлнинг «қўғирчоғи» экани ва зерикарли сайловолди кампаниясига қонуний тус бериш учун жалб қилинганидан норозилигини намойиш этишди. 18 йилдан буён Россияни президент ва бош вазир сифатида бошқараётган жаноб Путин ҳеч қандай мухолифатсиз тўртинчи президентлик сайловларида қатнашади. Унинг ўзи бу ҳақида расман эълон қилиши қолди ва бу декабрь ойида бўлиши кутилмоқда.

Жорий йилда жаноб Навальний ва унинг асосий тарафдорлари ўз кампаниясини ташкил қилганлик учун қамоққа ташланишди, шу боис бу баёнотга расмий муносабат билдира олишмайди. Бироқ ўтган ойда Собчак хоним президентлик пойгасида ўз номзодини илгари суриши ҳақидаги гап-сўзлар оралагандаёқ икки томон бир-бирини танқид қилиб бўлганди.

 

Deutsche Welle (Бонн, Германия)

Журналист ва собиқ реалити-шоу юлдузи Ксения Собчак Россиядаги навбатдаги сайловларда президент Владимир Путин билан беллашишга тайёр. Бироқ у ким — мухолифат «юзи»ми ёки Кремль томонидан тасдиқланган танқидчими?

Glamour журналининг Россиядаги версияси муқовасида Ксения Собчак ўқувчиларга жилмайиб турибди. Қўллари тепага кўтарилган ва чақириққа ишора қилмоқда. Оқ футболкада «Аёллар. Ҳукумат» сўзлари ёзилган. Glamour'даги мақола унинг «президентлик амбициялари» ҳақида сўзлашга ваъда бермоқда. 

Собчак турмуш ўртоғи ва ўғли билан муносабатлари, ўз карьераси ва жинслар тенг ҳуқуқлилиги ҳақида сўз юритади. Бироқ тўғридан-тўғри президентлик амбициялари ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочиб, уни ҳамма нарса қизиқтиришини айтади. Сўнгги йилларда у мухолифат етакчиларидан бири сифатида танилиб бораётган бўлса-да, Россияда унинг номи ҳар доим ҳам жиддий сиёсат билан боғланавермайди.

 

Irish Independent (Дублин, Ирландия)

Ксения Собчакнинг баёноти кўп ойлардан бери журналист, телебошловчининг келгуси йилнинг март ойидаги президентлик сайловларида қатнашиш ё қатнашмаслигига оид спекуляцияларга нуқта қўйди. Либерал мухолифат Алексей Навальнийнинг омма олдида берган тавсияларига қарамай, Собчакнинг президент лавозимига ўз номзодини илгари суришига доир гап-сўзлар Россиянинг ғафлатда ётган сиёсий доираларини уйғотиб юборди. Унинг сайловларда иштирок этиши ҳақидаги янгилик жаноб Навальнийнинг умидларига зарба сифатида қабул қилинмоқда, энди мухолифат қаторларида бўлиниш эҳтимоли анча юқори. 35 ёшли Собчак хоним бу баёноти билан «русларнинг Перис Ҳилтони»дан Челси Клинтонга айланишини намоён қилди.