АҚШда муҳандис ва олимларга талаб камаймоқда, дастурчиларга эса - йўқ. The New York Times шу ҳақида хабар берди. 

Маълумотларга кўра, университетлар мамлакатга керагидан ортиқ биологлар, физиклар, математиклар ва антропологларни тайёрлайди. Тадқиқотчилар меҳнат бозорини ўрганиб, битирувчилар учун ишчи ўринларнинг етишмаслигига доир хулосага келишди. Фақат компьютер билимлари ва шу билан боғлиқ касбларгина бундан мустасно.

Бу таълимнинг STEM-моделига қарата отилган "тош"дир. Сўнгги йиллар давомида ушбу модель АҚШ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинади. Ҳақиқатда, унинг таркиби ҳисобланган илм-фан, техника, инженерия, математика мамлакатнинг муваффақиятли ривожи, инновацияларни жорий қилишда муҳимдир. Бу модель шу қадар кенг қамровлики, у бўйича таълим олувчи инсон доим ҳаётда ўз ўрнини топиши мумкинлиги кўзда тутилган. Аслида эса бу қисман тўғри. Ҳисоботларга кўра, бугунги кунда STEM'да фақат «T» — technology ҳақиқатда даромадли соҳа ҳисобланади. Бу компьютер технологиялари билан боғлиқ барча нарсаларни қамраб олувчи кенг категориядир.

Бироқ STEM жуда ҳам кўп йўналишларни бирлаштирган. Модель муҳандис-дастурчилар билан бирга астрономлар, физиклар ва геологларни ҳам тайёрлайди. Glassdoor вакансиялар сайти вакилларининг айтишича, бугун АТ ва анъанавий илм-фан вакиллари ўртасида жуда катта узилиш  ҳосил бўлган. Масалан, Computer Science йўналиши битирувчисининг илк беш йилдаги ўртача йиллик маоши 70 минг долларни ташкил қилади, биокимё профилида эса бу кўрсаткич 46 минг долларга тенг.

STEM тўлиқ АТ-мутахассислар томон йўналмоқда. Вашингтон университетининг информатика бўйича профессори Эдвард Лазовски яқинда STEM-моделнинг турли тоифалари мутахассисларининг бандлигига доир таҳлил ўтказди. Унинг прогнозлари юқоридаги маълумотларга мувофиқ келди. STEM-мутахассислар бандлигининг ўсиши 73 фоизга компьютер билимларига асосланган, анъанавий билимларга эса 3 фоиз ва ҳатто ундан-да кам. LinkedIn шундай натижалари билан бўлишди. Сервис меҳнат бозоридаги энг талабгор 10 кўникма ҳақида маълум қилди ва уларнинг орасида физика ҳамда биокимёга оид билимлар бўлмаган.