Хитойда қурилган, тўлиқ ахборот технологияларига уланган дунёдаги илк кема Гуанчжоуга бир ҳафталик синов саёҳатини бошлади. China Daily нашрининг маълум қилишича, кема йил охирида номи маълум қилинмаган мижоз ихтиёрига топширилади.  

Great Smart деб номланган ақлли кема China State Shipbuilding Corp (CSSC ) компанияси томондан қурилган. Кема 38,8 минг тонна сув сиғимдорлигига эга юк кемаси бўлиб, Green Dolphin кемасининг модификацияси ҳисобланади.

Great Smart дунёдаги илк ақлли кема деб аталмоқда, чунки бу кема денгиз таснифланиши британ жамияти Lloyd’s Register (Ллойд рўйхати) томондан қабул қилинган “киберхавфсиз”, “кибер-ижрочи” ва “кибер-қўллаб-қувватловчи” мезонларига мос келадиган илк кемадир. Аввалроқ Жанубий Кореянинг Hanjin Heavy Industries and Construction верфида ҳам “ақлли” деган таснифга даъвогарлик қилувчи учта кема ясалган, бироқ улар Ллойд рўйхатида фақатгина “киберхавфсиз” деб таснифлаган.

Ишлаб чиқарувчининг айтишича, Great Smart кемаси энг янги ахборот технологияларини, жумладан маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва қайта ишлаш, катта ҳажмдаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш, рақамли моделлштириш ва масофадан бошқаришни қўллайди. Шунингдек, кема дастурий таъминотига двигателлар ва кардан валлари каби асосий қурилмаларнинг ҳолатини кузатишга қодир ахборот тизимлари тўплами ўрнатилган. Бу мосламларнинг барчаси экипажнинг ишини енгиллаштиради ва кема самарадорлигини оширади.

Айни вақтда кеманинг роботлаштирилгани денгизчиларга ўз таъсирини кўрсатмаган: экипаж қоидаларга кўра бутланган. Бироқ келгусида технологик тараққиёт ўзгаришларга олиб келиши ва кема эгаларига ишчи кучида тежаш имконини бериши мумкин. Умуман олганда, ақлли кемаларнинг истиқболи порлоқдир: улар камроқ ёнилғи сарфлайди ҳамда юқори ишончлилик ва хавфсизлик билан ажралиб туради.

Ҳозирда бундай кемаларни яратиш билан Европа, Жанубий Корея ва Японияда ҳам шуғулланилмоқда.