Миллиардер Алишер Усмоновга тегишли Mail.Ru Group янги соҳага киришга тайёр: интернет-ҳолдинг Россиядаги энг йирик такси-сервисларидан бири -   «Везёт» гуруҳига сармоялар йўналтириш бўйича музокаралар бошлади. Mail.Ru’нинг рақобатчиси «Яндекс»да такси – даромадларнинг энг тез ўсаётган манбасидир.

«Везёт» компаниялар гуруҳи сармояларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, дея айтиб ўтди РБК’га вазиятдан хабардор суҳбатдош. Бу маълумотни гуруҳ акциядорларига яқин манбалар ҳам тасдиқлашган. 

«Везёт»да улуш сотиб олишга энг асосий даъвогар - Mail.Ru Group интернет-ҳолдинги. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, келишув миқдори «компанияда назорат қилиш имконини бермайдиган улуш учун бир неча ўн миллион долларни» ташкил қилиши мумкин. Шу билан бирга, Mail.Ru Group кейинчалик «Везёт» компаниялар гуруҳидаги улушини назорат қилиш имконини берадиган даражага олиб чиқишдан манфаатдор, дея хабар берган РБК’га музокаралардан бохабар манба.

Mail.Ru Group учун бу келишув такси сервисларига биринчи сармоя бўлиши мумкин, бироқ компания бенефициарлари шунга ўхшаш лойиҳалар акциядорлари ҳам саналади. 2015 йилда Mail.Ru Group эгаси миллиардер Алишер Усмонов USM Holdings бўйича шериклари билан АҚШнинг Uber компанияси акцияларига «бир неча ўн миллион доллар» сармоя киритган.

Таъкидланишича, 2017 йил якунлари бўйича Россия такси бозорининг умумий ҳажми 731 млрд рублни ташкил этади.