Суперкомпьютерларнинг Top500 рейтингига кўра, Хитой ҳозирда дунёда энг кўп суперкомпьютерларга эга. У бу борада АҚШдан ҳам ўзиб кетди ва рейтинг тарихида илк бор уни энг юқори поғонадан туширди. 

Охирги Top500 рейтингига кўра, Хитой улушига 202 та суперкомпьютер тўғри келмоқда. АҚШда эса 143 та суперкомпьютер бор. Рейтингнинг 25 йиллик тарихи давомида АҚШ биринчи марта етакчиликни бой берди. 3-ўринни 35 та суперкомпьютерга эга бўлган Япония эгалламоқда. Кейинги поғоналарни Германия (20 та суперкомпьютер), Франция (18) ва Буюк Британия (15) эгалламоқда.   

Рейтингда етакчи ўриннинг эгалланиши Хитойда тадқиқотлар ва технологияларга сармояларнинг кўпайиши натижаси ҳисобланади. Бугунги кунда Хитой улушига дунёдаги барча илмий тадқиқотларнинг 20 фоизи тўғри келар экан.  

Айни вақтда дунёдаги энг тез суперкомпьютер Хитойнинг Sunway TaihuLight компьютери бўлиб, унинг максимал ишлаш тезлиги 93 петафлопга (сониясига сузувчи нуқта билан минг триллионта операция) етди. Бу кўрсаткич дунёдаги иккинчи энг тез компьютер Tianhe-2’никидан деярли уч баробар тезроқдир. Таққослаш учун, АҚШдаги энг тезкор суперкомпьютер Titan 17,6 петафлоп унумдорликка эга ва бу борада 5-ўринни эгаллайди.

Рейтинг муаллифларининг айтишича, охирги рақамлар Хитойнинг АҚШдан умумий унумдорлик бўйича анча ўзиб кетганини кўрсатмоқда. Рейтингга кирган бутун суперкомьютерларнинг умумий унумдорлигидан 35,4 фоизи Хитойга, АҚШга эса 29,6 фоизи тўғри келмоқда.

Рейтинг муаллифларидан бири Эрих Строхмайернинг айтишича, Хитойда кўплаб суперкомпьютерлар бизнес мақсадларда яратилади: уларнинг эгалари маҳаллий ва халқаро компанияларга уларни ижарага берадилар. Мутахассиснинг айтишича, бу тизимлардан кўпчилиги қуролланиш ва миллий хавфсизлик тизимлари билан боғлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун қўлланади.

Ҳозир Хитойда кейинги авлоддаги суперкомпьютер яратилмоқда ва у энг тезкор Sunway TaihuLight суперкомпьютеридан камида 10 чандон кучлироқ бўлади.

Clarivate Analytics компанияси Хитой фанлар академияси билан биргаликда турли давлатларнинг илмий соҳаларни ўзлаштириш рейтинги Research Fronts 2017’ни чоп этди. Унга кўра, Хитой энг инновацион давлатлар орасида Буюк Британияни ортда қолдириб, АҚШдан кейин 2-ўринга кўтарилиб олди.