Кўпчиликни тана аъзолари ҳамда тўқималар трансплантациясига оид масалалар, янгиликлар қизиқтириши табиий. Чунки буйракни кўчириб ўтказиш бўладими, жигар ёки юрак ва ўпка трансплантацияси бўладими, муҳими, фақатгина шу аъзо трансплантацияси бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Сир эмас, зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 15 мингдан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди.

Барчани хурсанд қилган янгилик: мамлакат тиббиёти тарихида илк бор трансплантология бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошлангани бўлди. Президент саъй-ҳаракати билан ҳозирда бу соҳа фаолиятинининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори шундай амалий қадамлардан бири бўлди.

KUN.UZ’га соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, ушбу ҳужжат сурункали буйрак ва жигар касалликларининг терминал босқичидаги беморларни юқори технологияли ихтисослашган тиббий ёрдам билан таъминлаш, яқин қариндошлик трансплантациясини ташкил қилиш мақсадида қабул қилинди. Низом буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартибини, трансплантацияни бажаришга кўрсатма ва қарши кўрсатмаларни, донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.

Эндиликда Ўзбекистонда тана аъзоларини трансплантация қилиш операциялари бажарилар экан, энг аввало, халқимизга юксак технологиялар воситасида, энг илғор тиббий стандартлар асосида хизмат кўрсатиш, беморларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Даволаш муассасаларини жиҳозлаш, кадрлар тайёрлаш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Айни дамда трансплантология соҳасининг жаҳондаги энг нуфузли мутахассислари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

— Мана, халқимиз ва тиббиёт ходимлари узоқ йиллардан буён кутган янгилик бўлди. Мамлакатимизда аъзолар трансплантацияси каби ўта ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек ЙЎЛДОШЕВ. — Бундай юқори технологик операциялар Америка, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз тиббиёти ана шу давлатлар қаторидан жой олди. Илгари беморлар чет давлатларга бориб, катта маблағ сарфлаб, ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Лекин шунга эҳтиёжи бор беморларнинг барчаси ҳам бундай имкониятга эга эмас. Масаланинг яна бир томони — хорижда аъзо кўчириш операциясини ўтказиб келган беморларда оғир асоратли ҳолатлар ҳам кузатилиб турганди. Чунки бундай беморлар доимий равишда шифокор назоратида бўлиши лозим, тиббий кўриклардан ўтиб туриши, турмуш тарзида ўзига хосликларга амал қилиши талаб этилади. Мана шундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда трансплантология хизмати йўлга қўйилди.

Дунёнинг саноқли давлатларидагина амалга оширилувчи бундай юқори технологик операциялар энди юртимиздаги учта йирик муассаса:

- Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик маркази;

- Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази;

- Тошкент шаҳар неврология шифохонасида қилина бошланади.

 

Мазкур ҳужжатда ким донор бўла олиши ёки бўла олмаслиги масаласига ҳам аниқлик киритилган.

Қуйидаги тирик яқин қариндошлар донор бўлиши мумкин: қонунчилик асосида, ўзаро қариндош бўлган шахслар, яъни ота-оналар, туғишган ёки тутинган ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотинлар, фарзандлар (шу жумладан, асраб олинганлар), бува ва бувилар, набиралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-оналари, туғишган ёки тутинган ака-ука ва опа-сингиллари.

Аммо, ушбу яқин қариндошлар —

- ўн саккиз ёшга тўлмаган,

- белгиланган ҳолатда ўзини ўзи бошқара олмайдиган деб топилган,

- озодликдан маҳрум қилинган,

- I ва II гуруҳ ногиронлари,

- ҳомиладор аёллар,

- наркомания, сурункали алкоголизм ва токсиманиядан азоб чекаётган бўлса, улардан трансплантация мақсадида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини олишга йўл қўйилмайди.

Трансплантация ўтказишнинг зарурати тўғрисидаги узил-кесил қарор Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган махсус комиссия томонидан қабул қилинади.

Операцияни ўтказиш учун донордан оператив усул билан унинг бир буйраги ва (ёки) жигар бўлагини олишга ундан онгли равишда ва эркин ҳолатда ёзма шаклдаги розилигини олиш керак. Бунда у ҳар томонлама тиббий кўрикдан ўтказилиши даркор.

Трансплантация бажарилгандан сўнг донор ва реципиент камида уч йил давомида профилактик диспансер кўриги билан таъминланади. Бундан ташқари, амбулатория назоратида бўлган беморлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли дори воситалари билан таъминланади.

Трансплантология хизмати йўлга қўйилишининг аҳамияти жуда катта. Яъни, энди бемор тўлиқ шифокор назоратида туради, энг кичик ўзгаришлар ҳам мутахассисларимиз диққат марказида бўлади. Бу амалиётдан кейинги асоратларнинг олдини олади. Шунингдек, беморнинг аввало вақти ва маблағи иқтисод қилинади.

Айтиб ўтиш керакки, ҳозирда ушбу ноёб тиббий хизматни жорий этиш бўйича асосий қадамлар ташланди. Келажакда унинг кўлами, имкониятлари янада кенгаяди. Бунинг учун юртимизда илмий, техник ва ҳуқуқий жиҳатдан барча шароитлар яратилган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг вақтинчалик низоми «Инсон органлари, тўқималари ва ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргунча амал қилади.