АҚШда, айниқса Кремний водийсида кўпчилик фастингга қизиқиб қолган, уни яна интервал очлик деб ҳам аташади. IT-компаниялар раҳбарлари ва уларнинг ходимлари вақти-вақти билан бир неча кунга овқатдан воз кечиб, ишдаги самарадорликнинг янги босқичига чиқиш ва ҳатто умрни узайтириш мумкин, деб ҳисоблашади. Интервал очлик нима ўзи ва унинг қандайдир илмий асоси борми, зарарли томонлари йўқми - "Медуза" нашри шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

"Ўз устида ишлашга доир янги тренд"

2017 йилнинг кузида Ғарб ОАВ Кремний водийсида очликнинг IT-компаниялар раҳбарлари ва уларнинг ходимлари орасида тобора оммалашиб бораётгани ҳақида фаол ёза бошлашди. Бу ҳақида 2015 йилдан бери Калифорнияда яшовчи ва ишловчи Luka ва Replika стартаплари асосчиси Евгения Куйда Россиянинг Tatler журналига берган интервьюсида сўзлаб берди.

"Менинг медитация бўйича мураббийим, психотерапевтим, серф бўйича шахсий мураббийим ва спортзалда ишловчи мураббийим бор. Мен фастинг билан шуғулланаман, эрталабдан асаи-боул (соғлом турмуш тарафдорлари орасида машҳур таом) ейман", - дейди у.

Куйданинг айтишича, Сан-Францискода "барча интермиттент-фастинг"га, яъни интервал очликка (муайян вақт одатдагидек овқатланиб, муайян вақт эса овқатдан тийилишга) қизиқиб қолган. Куйданинг  сўзларига кўра, унинг барча танишларида қанча вақт овқатдан тийилишни ҳисоблайдиган Zero иловаси бор. The Guardian газетаси ҳам буни тасдиқламоқда: нашрнинг ёзишича, фастинг  медитация ва майндфулнессдан кейин "ўз устида ишлаш бўйича янги трендга айланди".

Фото: instagram.com/popflex_active

Очликни оммалаштирувчилар

Очлик — янги тажриба эмас; егуликлардан тийилиш анъанаси кўп динларда мавжуд. XX асрда муқобил тиббиёт адепти Пол Брэгг очлик тажрибасини оммалаштирди, унинг "Очлик мўъжизаси" китоби ҳатто СССРда ҳам нашрдан чиққан. Шуниси эътиборга лойиқки, Брэгг тиббий билимга эга бўлмаган, унинг ўзи ҳақида гапирган кўп гаплари эса ҳақиқатдан йироқ бўлиб чиққан: хусусан, у ўз ёшини 14 ёшга ошириб айтган (қанчалик ёш кўринишини айтиб мақтаниш учун) - ёки икки марта Олимпия ўйинларида иштирок этганини таъкидлаган. Брэгг унинг маслаҳатларига қулоқ тутиб, 120 ёшгача яшаш мумкин, деб ҳисоблаган, бироқ ўзи 81 ёшда миокард инфаркти натижасида ҳаётдан кўз юмган.

The Independent'да ёзилишича, 2014 йилдан бошлаб очлик яна урф бўла бошлаган, ўшанда машҳур актриса Женнифер Энистон ва модель Миранда Керрлар очликка қизиқиб қолишган. Бундан бир йил аввал британиялик тележурналист ва илмий-оммабоп дастурлар муаллифи Майкл Мослининг журналист Мими Спенсер ҳаммуаллифлигидаги "The Fast Diet" китоби чиққанди. Номи тез озишни, соғлом бўлишни ваъда қилувчи китоб бестселлерга айланган; унда муаллифлар интервал очликнинг асосий схемаларидан бири - "5:2" парҳезини  тарғиб қилишган. Унинг моҳияти шундаки, инсон 5 кун одатдагидек озиқланиши, яна икки кун - нисбатан камроқ калория (кунига 500 калориягача) истеъмол қилиши керак.

Бундан ташқари, 2014 йилда Америка Миллий кексайиш институтининг нейробиология лабараторияси бошлиғи ва Жон Хопкинс университетининг Тиббиёт мактаби нейробиология бўйича профессор Марк Мэттсон очликнинг фойдаси ҳақидаги маъруза билан чиқиш қилганди. Унинг ҳайвонларда ўтказган тажрибалари шуни кўрсатдики, интервал очлик тана ва мия фаолиятига ижобий таъсир қилар экан. Масалан, қон босимини пасайтиради ва хотирани яхшилайди.

2016 йилда аутофагияни (организм оч пайтида қувват олиш учун ўз ҳужайравий ресурсларини ишга туширувчи жараён) ўрганувчи япониялик молекуляр биолог Есинори Осуми тиббиёт бўйича Нобель мукофотини олганидан кейин очликка бўлган қизиқиш янада ортди.

Кремний водийси биохакерлари

Очликнинг ижобий таъсири ҳақидаги ғояни Кремний водийсининг IT-мутахассислари ҳам илгари суришди, улар биохакинг - ўз организми имкониятларини яхшилаш ва турли тажрибалар ёрдамида умрни узайтиришга бўлган ҳаракатларга жисмоний кўрсаткичларни назорат қилишдан то тиббий дори воситаларини қабул қилишга қизиқиб қолишди. Ҳаракатнинг энг асосий ташаббускорларидан бири - HVMN биохакинг компанияси раҳбари Жеффри Ву, шунингдек Evernote ҳаммуаллифи, All Turtles венчур фонди CEO'си ва Евгений Курданинг Replika стартапи сармоядорларидан бири Фил Либиндир.

Фото: twitter.com/@geoffreywoo

"Очликнинг биринчи куни шу қадар овқатлангим келдики, ўлиб қоламан деб ўйладим. Иккинчи куни ўзимни жуда ҳолдан тойгандек ҳис қилдим. Бироқ учинчи куни ўрнимдан турганимда бу сўнгги йигирма йилдан бери ўзимни энг яхши ҳис қилган куним бўлди", - дея тан олади Либин The Guardian'га берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, очлик умрни 40 йилга узайтириши мумкин. 2017 йилнинг бошида Ву ўз компанияси ходимлари ва интервал очлик тарафдорларини бирлаштирувчи WeFast жамияти аъзолари билан етти кунлик "очлик операцияси"ни ўтказди. Бугун бу жамиятга бир неча минглаб кишилар киради, бу асосан Кремний водийсининг 20-30 ёшли ишлаб чиқарувчиларидир.

Бу ҳақиқатда фойдалими?

Очлик ҳаёт тарзини яхшилаши ва умрни узайтириши мумкинлиги ва ҳатто жиддий касалликларнинг олдини олишига асосланган бутун бошли стартаплар бор. Бу, масалан, ProLon (longevity - узоқ умр сўзидан) бўлиб, у қаттиқ очлик ўрнига парҳезга риоя қилувчи беш кунлик дастурни таклиф қилади.

Шундай бўлса-да, лаборотория жониворлари эмас, одамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, очликнинг фойдаси исботланмаган. Сичқонлар ва бошқа сут эмизувчиларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, жониворлар очлик натижасида узоқроқ яшайди ва камроқ сурункали касалликларга эга бўлади. Бироқ одамлар иштирокидаги тадқиқотлар анча кам, улар сифат жиҳатидан ёмонроқ - шу боис илмий ишлардан ҳеч қандай ишончли хулосалар чиқариб бўлмайди.

Янги куч ва фикрлар теранлиги

6 ноябрь куни HVMN биохакинг компанияси ўзи томонидан ишлаб чиқилган Ketone қувватбахш ичимлигига буюртма қабул қила бошлаши ҳақида эълон қилди. Айтишларича, унинг таркибида гўёки очлик вақтида жигар томонидан ишлаб чиқарилувчи ва энергия манбаи бўлиб хизмат қилувчи кетонлар мавжуд. Ketone ишлаб чиқарувчиларининг сўзларига кўра, ичимлик метаболизмни ўзгартириши ва жисмоний имкониятларни яхшилаши, диққатни жамлаш хусусиятини яхшилаши ва қувват бахш этиши керак.

Фото: instagram.com/hvmn

Очликми ёки йўқ?

Давомли бўлмаган очлик (1-2 кунлик) одатда зарар қилмайди. Масалан, Жеффри Вунинг айтишича, у ҳафтасига 36 соатдан очлик эълон қилади ва уч ойда бир марта уч кун давомида оч юради. Унинг сўзларига кўра, бу унга ўзининг очлик ҳиссини яхшироқ тушунишга ва тўйиш жараёнини назорат қилишга ёрдам берган. Бироқ кўп кунлаб ёки ҳафталаб оч юриш хавфли: инсоннинг ички органлари вайрон бўла бошлайди, биринчи навбатда мушаклар, турли авитаминозлар ва ҳолдан тойишлар бошланади. Бунинг устига ҳомиладорлик, ошқозон-ичак тракти ва қандли диабет касалликларида ҳар қандай турдаги очлик тақиқланади. Баъзи кишиларда очлик мигрень хуружларини қўзғатиши ҳам мумин.

Фото: instagram.com/healthfulpursuit