Оғир атлетика бўйича уч карра Олимпия чемпиони Наим Сулаймонўғлу 50 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Спортчи жигар билан муаммодан даволанаётган шифохонада вафот этган. Сентябрда Сулаймонўғлу жигар циррози гумони билан шифохонага тушган, 11 ноябрда эса операция қилинган. 

Сулаймонўғлу 1967 йилда Болгарияда туғилган. У мусобақаларда Болгария учун 1986 йилгача иштирок этган. 1987 йилда Туркия фуқаролигини олган. Шундан кейин у 1988, 1992 йиллардаги Олимпия ўйинларида 60 кг гача, 1996 йилда эса 64 кг гача вазн тоифасида Олимпия чемпиони бўлган. Спортчи Туркия сафида 5 карра жаҳон чемпиони бўлишга муваффақ бўлган.   

Сулаймонўғлу оғир атлетикада энг унвондор спортчи ҳисобланади. У фаолияти давомида 46 та жаҳон рекордини ўрнатган.