Бугун Ўзбекистон футбол федерацияси мамлакат бош жамоасига мураббий излаш ишларини давом эттираётгани ҳақида айтиб, бу борада музокара олиб борилаётган 9 нафар номзод номини кўрсатиб ўтди.

Булар Дан Петреску, Славолюб Муслин, Миодраг Радулович, Анжелио Алессио, Бернд Шторк, Бранко Иванкович, Славен Билич, Вальтер Маццари ва Берт ван Маарвейкдир.

«Кун» сайтининг Telegram каналида ўқувчилардан бу номзодлардан қайси бири терма жамоа бошқаруви учун мослиги ҳақида сўралди.

Натижаларга кўра, 2010 йилда Хорватия терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб борган 46 ёшли мутахассис Славен Билич мухлислар томонидан терма жамоа бош мураббийлиги учун энг мақбул деб топилган. Сўровномада қатнашган 4000 кишидан 77 фоизи хорватиялик мураббий вариантини танлаган.

Кейинги ўринларни Берт ван Маарвейк (9 фоиз) ва Вальтер Маццари (5 фоиз) эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, Билич шу ойда Лондоннинг «Вест Ҳэм» клубидан истеъфога чиққанди. У 2006—2012 йиллар давомида Хорватия миллий термасида ишлаб ном қозонганди. У кейинроқ Москванинг «Локомотив» ва Истанбулнинг «Бешиктош» клубларида фаолият кўрсатган. У Туркияда икки марта бронза медалини қўлга киритган.

Айни вақтда Ўзбекистон миллий терма жамоасини Рўзиқул Бердиев вақтинчалик мураббий сифатида бошқариб турибди.