Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жазони ўташ муассасалари ҳузурида давлат унитар корхоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш муассасалари ҳузурида ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширадиган давлат унитар корхоналарини иловага мувофиқ рўйхат бўйича ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгиланишича, жазони ижро этиш муассасалари давлат унитар корхоналарининг муассислари ҳисобланади.

Жазони ижро этиш муассасалари давлат унитар корхоналарини юқори малакали менежерлар, мутахассислар, муҳандис-техник ва ишлаб чиқариш ходимлари билан таъминлайдилар.

Қуйидагилар ташкил этиладиган давлат унитар корхоналарининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини, жумладан, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш орқали ривожлантириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш;

ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятида ишларни ташкил этишнинг замонавий шакл ва услубларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш;

ускуналар ва бошқа техникадан фойдаланиш, моддий-техника ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш самарадорлигини ошириш, ускуналарни сақлаш, уларни жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишларни бажариш;

ўзларига бериладиган ва жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган объектлар ҳамда ҳудудларни шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сифатли сақлаш ҳамда улардан фойдаланишни таъминлаш; 

ўз ишлаб чиқариш фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиш;

жазони ижро этиш муассасалари билан шартнома асосида маҳкумлар бандлигини таъминлаш ва улар учун қўшимча иш ўринлари яратиш ишларини ташкил этиш;

маҳкумларда зарур меҳнат кўникмалари ва меҳнатни ҳурмат қилиш муносабатларини шакллантириш, меҳнат натижасида маҳкумларнинг маънавий ва моддий манфаатдорлиги учун шароитлар яратиш;

меҳнат интизоми, технологик интизом ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш.

Давлат унитар корхоналари фаолияти қуйидагилар ҳисобига молиялаштирилиши белгиланди:

фаолият йўналиши бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотишдан тушадиган даромадлар;

давлат унитар корхоналарининг давлат мулкини ташкилотларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага беришдан тушадиган даромадлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.