Ўзбекистонлик икки марафончи Андрей Петров ва Марина Хмелевская марафон бўйича XVI Осиё чемпионатида иштирок этишди ва “қуруқ қўл билан қайтмайдиган” бўлдилар. Мусобақа 26 ноябрда Хитойнинг Дунгуань шаҳрида бўлиб ўтди.

Ҳамюртимиз Андрей Петровга чемпион бўлишга бор-йўғи 3 сония етмади: у айнан шунча вақтга мусобақа чемпиони ҳиндистонлик Гопи Тонакалудан ортда қолди. Петров 2 соат 15 дақиқа 51 сония вақт билан маррага иккинчи бўлиб келди ва шахсий кўрсаткичини 2 дақиқага яхшилади.

Бронза мўғулистонлик Бьямбалев Цвевенравданага насиб қилди.

Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясида маълум қилинишича, Петров аввал ҳам Осиё чемпионати совриндори бўлган. 4 йил аввал у кумуш медални қўлга киритганди.

Марина Хмелевская эса 2 соат 39 дақиқа вақт билан 7-ўринни эгаллади. Аёллар ўртасидаги баҳсда шимолий кореялик Ким Хе Гён 2 соат 28 дақиқа вақт билан чемпион бўлди.