Қибрай туманида яшовчи, нафақахўр, 1951 йилда туғилган Раиса Маринина (келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган) ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида номаълум шахс, дераза ойнаси очиқлигидан фойдаланиб кириб, унга тегишли Қибрай тумани ҳудудида жойлашган боғдорчилик-узумчилик ширкатидаги дала ҳовлисидан умумий нархи тахминан бир миллион олти юз минг сўм бўлган “Нокия” русумли уяли алоқа телефони, тюнер, аёллар қўл соати ва бошқа анжомларини ўғирлаганлигини маълум қилган.

Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи, вояга етмаган, 2001 йилда туғилган Рашид Довуров содир этганлиги аниқланиб, ушланди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Терговни ИИБ олиб бормоқда.