Ёшликни гоҳида шиддат билан оқувчи, йўлида учраган дарахтларни қўпориб, тошларни суриб кетувчи асов дарёга қиёс қилишади. Бу ўхшатишда қай бир маънода ҳақиқат бор. Ёшликда киши унча-мунча ишни писанд қилмайди. Айниқса, жаҳли чиққанда ўзини бошқара олмай қолади, вазминлик билан иш кўришни унутади. Шу боис бўлса керак, баъзан ножўя хатти-ҳаракат содир этса ҳам, “Ҳа энди ҳали ёш-да! Қуюлиб қолар...”, дея қилмиши хаспўшланади, кечирилади.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, бири 1994 йилда, иккинчиси эса 1995 йилда туғилган ака-ука Сардор (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва Сарвар Алиматовлар ҳам ёшликларига боришди, томирларида кўпириб оқаётган қонни жиловлаб ололмай, охир-оқибат суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлишди. Аслида улар билан бўлиб ўтган ҳолат жаҳллари чиқишига арзимайди ҳам.

Ҳаммаси телефон қўнғироғидан бошланди. Бир қиз билан танишиб қолган Сардор вақтинча унинг телефон рақамини ишлатиб юрган эди. Нима бўлди-ю, бир куни нотаниш йигит қўнғироқ қилиб, бир қизни сўради. Сардор унга янглишиб тушганини айтса ҳам қизни топиб беришни талаб қилади. Бундан Сардорнинг жаҳли чиқиб, қаттиқроқ гапириб юборган эди, шунга яраша жавоб олди. Кўп ўтмай яна қўнғироқ бўлди. Бу сафар телефонни Сардорнинг укаси Сарвар олди. Яна ўша савол-жавоб, яна телефон орқали бир-бирини ҳақоратлаш бошланди-ю, нотаниш йигит телефонини ўчириб қўйди. Жаҳл отига минган Сарвар бу воқеани акасига етказди. Акаси ҳам уни тинчлантириш ўрнига, нотаниш йигит билан эркакчасига гаплашиб олишга қарор қилди. Шу сабабли ўша рақамни териб, учрашишни талаб қилди. Аммо йигит телефонини ўчириб қўйди. Сардор ҳам телефон қилишдан чарчамади. Охири бир ҳийла ўйлаб топди. Таниш бир қизга унинг рақамини берди ва қўнғироқ қилиб, учрашувга чақириб беришни илтимос қилди.

Ака-ука ҳар эҳтимолга қарши учрашув жойига яна бир танишларини ҳам қўшиб, бошлаб боришди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ, бегона қизнинг ширин гапларига учиб, учрашувга келган йигит, олдидан чиққан учовлонни кўриб, аввалига ҳайрон бўлди. Улар ким эканлигини билгач эса, бўш келмади. Муштлашув бошланди. Натижада нотаниш йигит пичоқланиб, касалхонага тушди. Ака-укалар эса панжара ортига равона бўлишди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини, шунингдек, судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини, ўзаро ярашиб олишганлигини, судланувчилар ҳам қилмишларидан пушаймон эканликларини эътиборга олиб, ака-ука Сардор ва Сарвар Алиматовларга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириб бориш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.