Тошкент туман ИИБга 1995 йилда туғилган Ихтиёр Навфалов (келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган) ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жорий йилнинг 8 октябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахс, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, Тошкент туманида жойлашган қурилиши битмаган цехдан унга тегишли умумий нархи тахминан икки ярим миллион сўм бўлган трубалар, “Акфа” ромлари ва турли хилдаги қурилиш молларини ўғирлаганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Наманган вилоятида яшовчи 1980 йилда туғилган Мухсинбек Мадалиев содир этганлиги аниқланиб, ушланди. 

Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Терговни ИИБ олиб бормоқда.