Тошкентлик археолог Альбаум 1963 йили Эски Термиз шаҳри вайроналари атрофидан қадимги ибодатхона қолдиқларини топган. Тарихий аҳамиятга эга маскан Фаёзтепа номини олишига Сурхондарё вилояти Ўлкашунослик музейи раҳбари Р.Ф. Фаёзов археология илмига қўшган ҳиссаси сабаб бўлган.
Фаёзтепа қандай маскан бўлган?
Қадимги ибодатхона вазифасини ўтаган масканда маҳаллий ўтроқ аҳоли диний урф-одатларини амалга оширган. Археологлар қазишма ишлар чоғида маскандан ўрта ҳажмли Будда ҳайкали (эрамизнинг I-III асрларига оид), уй анжомлари ва ошхона жиҳозлари, кундалик турмушда керак бўладиган ашёлар топишган.
Ибодатхона 1,5 минг кв.м майдонда жойлашган бўлиб, унинг марказида Вихара, уч бўлимдан иборат бинода эса ётоқхона, омбор ва маиший мақсадларда барпо этилган хоналар бўлган.
У қандай аҳамиятга эга?
Фаёзтепа ёдгорлиги, аввало, шу ҳудудда яшаган аҳолининг 2000 йил аввал атроф-муҳит ҳақидаги билимлари нақадар пухта бўлганидан далолат беради. Масалан, тепалик яқинидан оқиб ўтувчи Амударё ва Эски Термиз орасида катта масофа бўлмаса-да, аҳоли сув айриғич (акведук) иншоотини қуриб, шаҳар канализациясини ташкил этишга муваффақ бўлишган. Шунингдек, Фаёзтепа ибодатхонаси марказида ҳовуз, унинг четларидан тошдан қурилган устунлар шифтни кўтариб турган. Бу грек-рим меъморчилик санъатини эслатиб юборувчи архитектура ечими Эски Термиз аҳолиси цивилизация марказини барпо эта олишганини билдиради.