08:48 / 06.02.2021
27456
Якка тартибда уй-жой қурилиши бўйича баъзи чекловлар киритилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Якка тартибдаги уй-жой қурилиши соҳасидаги сейсмик ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соҳани тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси билан Якка тартибдаги уй-жой қуришни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ва Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш назарда тутилган.

Янги низом “Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш (келишиш), қурилишни амалга ошириш”, “Қурилиши тугалланган уй-жойларни фойдаланишга қабул қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш” каби бўлимлар билан тўлдирилди.

Низомда:

уй-жой қурувчига якка тартибдаги уй-жой қурилишининг бориши устидан техник назорат функциясини олиб бориш учун шартнома асосида ихтисослашган ташкилот (юридик шахс)ни ёки махсус сертификатланган техник назоратчи (жисмоний шахс)ни ёллаш ҳуқуқи берилмоқда;

якка тартибдаги уй-жой қурилишида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда тасдиқланган (келишилган) лойиҳа ҳужжатларига риоя қилиниши устидан назорат қурилиш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлинмалари зиммасига юклатилмоқда;

фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида якка тартибдаги уй-жой қуриш (қайта қуриш) учун лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳуқуқи лицензияланган лойиҳа ташкилотлари билан бир вақтда Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига берилмоқда.

Шу билан бирга, якка тартибда уй-жой қурилишида конструктив ва зилзилабардошлик хавфсизлиги омилларини таъминлаш мақсадида баъзи чекловлар киритилмоқда. 

Жумладан:

икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойларни қуриш (қайта қуриш) лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилиши;

уй-жой қурувчилар томонидан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қурилиш ташкилоти билан қурилиш пудрати шартномасини тузмасдан қуриш (қайта қуриш) ишларини амалга оширилишига йўл қўйилмаслиги;

жисмоний шахслар бўлган уй-жой қурувчилари хўжалик усулида амалга ошириши мумкин бўлган қурилиш иш турлари белгилаб қўйилмоқда.

Тасдиқлаши кўзда тутилган низомнинг кучга кириши якка тартибда уй-жой қурилишида тартиб ўрнатиш, паст қаватли уй-жойлар ҳудудида ноқонуний равишда кўп қаватли кўп квартирали уй-жойлар қурилишининг олдини олиш, турар жой биноларида конструктив, сейсмик ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатиши айтилади.

Top