22:55 / 29.10.2020
14557
Дунёдаги вазият: Covid-19’нинг янги мутацияси, Францияда яна карантин, пандемия Маршалл оролларида

Коронавирус пандемияси 216 мамлакат ва ҳудудларни қамраб олган. Covid-19’дан холи бўлган бир неча кичик орол давлатлар қолган. Сўнгги кунда бундай ҳудудлар сони яна қисқарди: коронавирус илк марта Маршалл оролларида аниқланди. Бу вақтда олимлар Европада коронавируснинг янги штамми тарқалиши ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Liu Peicheng / Xinhua / Sipa / Scanpix / LETA

Дунёда вирусдан зарарланганлар сони 45 миллионлик нуқтага етмоқда. Бир кунда яна ярим миллион киши касалланган. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 1 миллион 181 минг киши коронавирус қурбони бўлган, айни вақтда 81,5 минг киши оғир аҳволда қолмоқда.

Пандемиядан энг кўп зарар кўрган АҚШда касаллик туфайли бу сафарги президентлик сайловларида почта орқали овоз бериш даражаси кескин ошиб кетган - сайловга бир неча кун қолганида 50 миллиондан ортиқ америкалик овоз бериб бўлган.

Вирус мутацияга учрамоқда

Британиядаги янги касалланиш ҳолатларининг 80 фоизи, Ирландияда 60 фоизи, Франция ва Швейцарияда 40 фоизи баҳорги авж олишга сабаб бўлган вирусдан фарқ қилувчи мутацияга учраган вирус билан боғлиқлиги маълум бўлди.

Геном мутацияси тахминан июнь ойида Испанияда рўй берган, илк марта маҳаллий фермерларнинг ишчиларида аниқланган ва кейинроқ Европа бўйлаб тарқалган.

Бу ҳақда коронавирус геноми ўзгарувчанлигини кузатган швейцариялик ва испаниялик тадқиқотчилар гуруҳларининг ҳисоботларида айтилган.

Янги штаммга 20A.EU1 номи берилган. Унинг ген тузилишида одатий Sars-Cov-2 вирусидан олтита фарқ кузатилган. Олимлар у пайдо бўлган жойни аниқлашга муваффақ бўлишган.

Швейцариялик профессор Таня Штадлер Financial Times учун берган интервьюсида ҳозирда Европада кўплаб беморлар ёзда Испанияда пайдо бўлган штаммдан зарарланганини маълум қилган.

Базел университети вакили, эволюцион генетика бўйича мутахассис Эмма Нодкрофт ёзда аэропортларда жорий қилинган экспресс-текшириш ва бошқа чоралар етарлича самара бермаганини айтиб ўтган.

Тадқиқотнинг яна бир ҳаммуаллифи, испаниялик генетик Иньяки Комас 20A.EU1 штаммининг «зафарли йўли» бир ёки бир неча «суперташувчи» иштирок этган оммавий тадбирдан бошланган.

Олимлар бу штамм шунчалик кенг тарқалиши сабабини ёзда Испанияга келган туристлар чекловларга амал қилмагани ва уйига қайтгач ҳам эътиборсиз бўлишда давом эттирганида кўришади.

Ҳозирча янги мутация касалланганда ва касаллик кечишида қанчалик хавфли экани ҳақида аниқ хулоса йўқ.

«Биз коронавируснинг бундай турини ҳали кўрмагандик. Аммо ҳозирча ген ўзгариши юқиш тезлигига ёки касалликнинг оқибатига қанчалик таъсир кўрсатишига оид ҳеч қандай далил йўқ», – деган доктор Ҳодкрофт.

Аввалроқ АҚШда Sars-Cov-2нинг D614G деб номланган янада хавфлироқ штамми аниқланганди.

Англияда эпидемия тез ривожланмоқда. Шотландияда янги чекловлар жорий этилди

Лондондаги Imperial College университети эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, Англияда ҳар куни 100 минг киши Covid-19’дан зарарланмоқда. Эпидемия тарқалиши тезлиги ўсиб бормоқда. Баҳолашларга кўра, касалланганлар сони ҳар тўққиз кунда икки баробар кўпаймоқда. Ҳозирча ҳукумат айнан қандай чоралар қўллаши маълум эмас, аммо расмийлар Англия «критик босқичга кираётгани» ва «ниманидир ўзгартириш кераклиги» ҳақида гапиришмоқда.

Шотландиянинг биринчи бош вазири Никола Стержен касалланиш ҳолатлари сони ва инфекция тарқалиш тезлигига қараб ҳудудларда турлича чекловлар жорий этилиши ҳақида маълум қилган. У Европадаги вазият жуда мураккаблигича қолаётгани, эпидемия кенг тарқалаётгани, шу туфайли қатъий карантин қайтиши эҳтимоли юқори эканини айтиб ўтган.

Польшада касаллар сони кескин ўсди. Ҳукумат буни намойишлар билан боғламоқда

Польшада коронавирусга чалинганларнинг жами сони 300 мингдан ошган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир ойда янги ҳолатлар сони уч баробар ўсганини тасдиқлаган.

Ҳукумат вакиллари аборт тақиқланишига қарши бошланган оммавий намойишлар туфайли вирус тарқалиши кескин ўсишда давом этишидан огоҳлантиришмоқда.

Дунёнинг нариги чеккаси

Шу вақтгача Covid-19’дан холи ҳудуд сифатида ҳисоблаб келинган Маршалл оролларида ҳам илк касалланиш ҳолатлари аниқланди.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Кваджалейн оролидаги базаси ходимлари бўлган 35 ёшли аёл ва 46 эркакда вирус чиқди, улар Гонолулудан ҳарбий самолётда учиб келишгач топширган тест натижалари мусбат чиққан ва карантинга юборилган.

Маҳаллий ҳукумат аҳолига хавф йўқлигини маълум қилмоқда.

Тинч океанидаги орол давлатлар – Маршалл ороллари, Кирибати, Микронезия, Науру, Палау, Самоа, Тонга, Тувалу ва Вануату – март ойидаёқ ташқи дунёдан узилиб қолганди.

Июнь ойида Маршалл ороллари расмийлари Америка базаси ходимларига келишга рухсат берган, бунинг учун келувчилар орол ҳудудида уч кунлик карантинни ўташи шарт қилинган.

Маршалл ороллари – экватор чизиғининг шимолий қисмида жойлашган минглаб маржон ороллари архипелаги бўлиб, унинг катта қисмида аҳоли яшамайди, жами аҳолиси сони - 55 минг киши.

«Қиш қийин бўлади»
Франция ва Германияда кейинги ҳафтанинг душанба кунидан «енгил локдаун» бошланади. Европанинг икки йирик давлатида  ноябрь ойи охиригача ресторанлар, барлар ва барча кўнгилочар масканлар ҳамда спорт иншоотлари ёпилади. Французлар уйдан чиқиши учун махсус электрон формани тўлдириши, унда кўчага чиқиш учун арзирли сабаб келтирилиши керак бўлади.

Францияда сўнгги бир кунда 36 минг 437 янги ҳолат аниқланиб, 244 киши вафот этди, Германияда 16 минг 744 ҳолат (пандемия бошидан буён рекорд рақами) аниқланди ва 89 киши оламдан ўтди.

«Коронавируснинг иккинчи тўлқини, шубҳасиз, биринчисидан ёмонроқ, у бошимизга ёпирилиш билан таҳдид қилмоқда», – деган Макрон чоршанба кунги телемурожаатида янги чеклов чораларига изоҳ бера туриб.

У кунлик касалланиш ҳолатларини 5 минггача камайтириш зарурлигини таъкидлаган.

«Олдинда оғир ўтадиган қиш турибди, тўрт совуқ ой, аммо бу қачондир тугайди», – деди Меркель шу куни Бундестагдаги чиқишида.

Бундан ташқари, у коронавирус хавфли эмаслиги ҳақида гапиришда давом этаётган популистларга кескин муносабат билдирди. «Биз жуда хавфли вазиятда турибмиз. Ижтимоий алоқаларнинг чекланиши бу вазиятдан чиқиш учун зарурдир», – деган Меркель.

Канцлер кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард евро ажратилишини маълум қилган ва коронаскептикларни танқид қилган. «Ёлғон, дезинформация, конспирология ва нафрат нафақат демократияга, балки вирусга қарши курашга ҳам зарар етказади», – деди у.

Дунёда яна нималар бўлмоқда:

Италияда ҳам қўшимча чеклов чоралари ҳақида эълон қилинган. Ноябрь ойи охиригача барча умумий овқатланиш муассасалари соат 18:00да ишни тўхтатиши керак. Театрлар, кинотеатрлар, спорт заллари ва бассейнлар тўлиқ ёпилади. Кўп киши иштирокида тўй ва дафн маросимлари ўтказиш тақиқланади.

Бельгиядаги шифохонада Covid-19га чалиниб ётқизилган беморлар сони 5924 нафарга етди – бу 6 апрелдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич. Шундан 99 киши оғир ёки критик ҳолатда.

Саудия Арабистони 1 ноябрдан умрага рухсат берилишини маълум қилди. Ушбу мамлакат ҳукумати январдаёқ хорижлик зиёратчилар учун ўз чегараларини ёпганди, июлда эса саудияликлар учун ҳам мамлакатга кириш тўхтатилганди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top