Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолда рўй бераётган олий таълимдаги баъзи ҳолатларга изоҳ берди.
– Бизларга мурожаат қилишларича, ҳозирга қадар хусусий университетларда онлайн дарслар ташкил этилмаяпти. Уларда таълим жараёни қандай ташкил этилади?
– Таътил хоҳ давлат, хоҳ хусусий бўлсин, барча ОТМларга тегишли. Хусусий ОТМларда онлайн ўқув жараёнининг ташкил этилиши, масофавий таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ўша олий ўқув юрти раҳбариятининг вазифаларига киради.
Улар ҳам давлат ОТМлари сингари, карантин таътили вақтида ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаши керак. Бунинг бажарилиши шарт ҳисобланади.
– Онлайн дарслар ўтилмаётган бўлса, талабалар бирор жойга мурожаат қила оладими?
– Талабалар, авваламбор, ўша хусусий ОТМ раҳбариятига мурожаат қилишлари керак. Бундан ташқари, уларнинг таълим йўналишлари мос келса, давлат ОТМларидаги ўқув ресурсларидан ҳам фойдаланишлари тавсия этилади.

– Хориждан ҳужжатларини олиб улгурмаган талабалар қандай йўл тутади?
– Вазият ойдинлашгач, қўшни мамлакатлар тегишли вазирликлари билан бу масалада яна музокаралар ўтказилади. Ўйлайманки, бу ерда муаммо бўлмаслиги керак.