19:48 / 21.02.2020
1
57222
Оқ уйга кимлар эгалик қилган? АҚШ тарихидаги президентлар ҳақида қизиқ маълумотлар

АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда «Happy President’s Day» деб ёзганига кўзингиз тушгандир. Ҳа, АҚШда шундай байрам бор. Февраль ойининг учинчи душанбаси мамлакатда президентлар куни сифатида нишонланади. Бу байрам бугун дунёнинг энг қудратли давлатига айланган АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон шарафига шундай кунда нишонланади. У 1732 йил 22 февраль куни туғилган. Шу муносабат билан АҚШ президентлари ҳақида қизиқарли маълумотларни эслаймиз.

Фото: Getty Images

Америка Қўшма Штатларида давлат раҳбари президент ҳисобланади. Унинг асосий вазифалари ички ва ташқи сиёсатни юритиш, бюджет тақсимотини шакллантириш, мамлакат Конституцияси ва амалдаги қонунчиликнинг ишлашини назорат қилишдан иборат.

АҚШда президентлик лавозими 1787 йилда Конституцияга биноан жорий қилинган. Илк президент Жорж Вашингтон 1789 йил сайланган ва 1790 йил апрелда қасамёд қабул қилиб мамлакатни бошқаришга киришган.

ФОТО STATE-USA.RU

Ўшандан буён АҚШга 44 нафар президент раҳбарлик қилди. 2017 йилдан бу вазифада АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп ишлаб келмоқда. Жорий йил ноябрь ойида АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари бўлиб ўтади.

АҚШ қонунларига кўра бу мамлакат президентлигига номзодини қўядиган шахслар:

  • 35 ёшдан катта;
  • АҚШда туғилган;
  • президентликка номзодини қўйгунча 14 йил АҚШда доимий яшаган бўлиши лозим;
  • бир фуқаро фақат икки марта президент бўлиши мумкин (кетма-кет ёки танаффус билан, фарқи йўқ).

АҚШ тарихида фақат битта президент Франклин Рузвельт (32-президент) кетма-кет тўртта сайловда иштирок этиб ғалаба қозонган.

Шундан сўнг бир киши фақат икки муддатга сайланиши мумкинлиги 1951 йилда (президент Ҳарри Трумэн вақтида) АҚШ конституциясида ҳам белгилаб қўйилди.

АҚШда президентлик сайловлари икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда умумий сайлов ўтказилиб, ҳар бир штатда вакиллар аниқланади. Иккинчи босқичда биринчи босқичда аниқлаб олинган вакиллар президентни сайлашади.

АҚШ тарихида энг қисқа президентлик қилган шахс Уильям Ҳаррисон (9-президент) ҳисобланади. У бор-йўғи бир ой, 1841 йил 4 мартдан 4 апрелгача президентлик қилган. Ҳаррисоннинг инаугурация куни ҳаво жуда совуқ бўлади. Маросимдан сўнг президент шамоллаб ётиб қолади ва бир ойдан сўнг 1841 йил 4 апрелда пневмониядан вафот этади.

АҚШ президентлари орасида икки муддат президентлик қилиб, бу лавозимга кетма-кет сайланмаган ягона давлат раҳбари Гровер Кливленд (24-президент) ҳисобланади. У 1885-1889 ва 1893-1897 йилларда бир муддат оралатиб президент бўлган.

Энг ёш президент Теодор Рузвельт (26-президент) бўлиб у 42 ёшида Оқ уй раҳбарига айланади. Аммо у сайловсиз президент бўлади. Чунки ундан олдинги раҳбар Уильям Мак-Кинли 1901 йилда ўлдирилади. Ўша вақтда вице-президент лавозимида бўлган Рузвельт ўз-ўзидан давлат раҳбарига айланади.

Сайлов йўли билан сайланган энг ёш президент – Жон Кеннеди (35-президент). У қасамёд қилганида 43 ёшда эди.

ФОТО ASSASSIN'S CREED WIKI

Энг ёши кекса президент Рональд Рейган (40-президент) бўлган. У АҚШнинг 40-президенти сифатида қасамёд қилганида 69 ёшда эди. Иккинчи муддатга сайланганида эса 73 ёшда бўлган. Мамлакатнинг амалдаги раҳбари Дональд Трамп ҳам 69 ёшда президент этиб сайланди.

АҚШнинг 20-президенти Жеймс Гарфилд ҳар икки қўлида бирдай ёза олган. Шунингдек, у полиглот (бештадан кўп тилни ва ўша тилларда ўқиш-ёзишни биладиганлар шундай аталади) сиёсатчи эди. Унинг яна бир қобилияти шунда эдики, параллел тарзда бир қўлида эски грек алифбосида, яна бир қўлида лотин алифбосида ёза олган.

Президент Эндрю Жонсон (17-президент) ҳатто мактабда ҳам ўқимаган. У кейинчалик рафиқаси ёрдамида хат-савод чиқарган.

АҚШ президентлари орасида энг бўйи баланд президент Авраам Линкольн (16-президент) бўлган - 193 сантиметр.

ФОТО MIXMOVIE.RU

Энг бўйи паст президент эса 164 сантиметрли Жеймс Мэдисон (4-президент) бўлган. Мэдисоннинг оғирлиги ҳам атиги 45 килограмм бўлган. Мамлакат тарихидаги энг оғир вазнли президент Уильям Тафт (27-президент) бўлиб, у 135 килограмм тош босган.

Теодор Рузвельт (26-президент) президентлик муддатида АҚШнинг барча 48та штатини айланиб чиққан. (Ўша пайтда АҚШда 48та штат бўлган, кейинчалик Аляска ва Ҳавайи ороллари 1959 йилда штат мақомини олган). Шунингдек, Теодор Рузвельт АҚШ президентлари орасида самолётда учган илк президент ҳисобланади.

АҚШ президентлари орасида биринчи бўлиб СССРга Франклин Рузвельт ташриф буюрган. У 1945 йилда Ялта конференциясида қатнашганди.

Ричард Никсон (37-президент) АҚШ президентлари орасида биринчи бўлиб ҳам СССР, ҳам Хитойга боради.

Жимми Картер (39-президент) бир неча романлари чоп этилган ягона президентдир.

Хорижий давлатларга ташриф буюриш бўйича Билл Клинтоннинг (42-президент) олдига тушадигани йўқ. У дунёнинг 133та мамлакатига ташриф буюрган.

АҚШ президентлари орасида энг болажон президент Жон Тайлер (10-президент). Унинг биринчи турмушидан 8 нафар, иккинчи турмушидан 7 нафар фарзанди бўлган. 15-фарзанди туғилганда унинг ёши 70да бўлади.

АҚШ президентлари орасидаги ягона бўйдоқ президент Жеймс Бьюкенен (15-президент) бўлган.

Гровер Кливленд (24-президент) АҚШ раҳбарлари орасида ўз никоҳ тўйини Оқ уйда ўтказган ягона президент.

АҚШ президентлари орасида энг бойи Жорж Вашингтон (1-президент) ва Жон Кеннеди (35-президент) бўлган.

Президент бўлганида Вашингтоннинг кўплаб плантациялари, кўчмас мулклари ва бойликларининг қиймати жами 900 миллион долларга тенг бўлган.

Жон Кеннеди президент бўлганида унга ота-онасидан қолган 850 миллион долларлик мулк ва пуллар мерос бор эди.

Мамлакатнинг амалдаги раҳбари Дональд Трамп президентликка сайланганида унинг ҳисобида 3,1 миллиард доллар пул бор эди, аммо Кеннеди ва Вашингтон вақтидаги ҳамда ҳозирги доллар қийматида мавжуд бўлган фарқ сабаб Трамп энг бой президент бўла олмайди. Агар бу йил президентлик сайловларида Майкл Блумберг ғалаба қозонса, бу борада у биринчиликни банд этади. Дунёнинг энг бой тўққизинчи одами ҳисобланган Блумбергнинг бойлиги 55,5 миллиард долларга баҳоланган.

АҚШ тарихидаги энг камбағал президент Эндрю Жонсон (17-президент) бўлган, у фақат президентлик учун белгиланган маош ҳисобига тирикчилик қилган. Аммо айнан унинг даврида Росссиядан 7,2 миллион долларга Аляска сотиб олинади.

Барак Ҳусайн Обама – АҚШ президенти бўлган биринчи афро-америкалик. Шунингдек, у АҚШнинг материкдаги қисмида туғилмаган илк президент ҳисобланади. Обама Ҳавай оролларида дунёга келган.

Мартин Ван Бюрен (8-президент) АҚШ фуқароси ҳисобланган илк президент эди. Унгача ўтган етти нафар президентнинг барчаси Буюк Британия фуқаролиги ҳақидаги ҳужжат билан юрган.

АҚШ президентлари орасида энг кўп исм Жеймс исми бўлган:

  • Жеймс Мэдисон (4-президент);
  • Жеймс Монро (5-президент);
  • Жеймс Полк (11-президент);
  • Жеймс Бьюкенен (15-президент);
  • Жеймс Гарфилд (20-президент);
  • Жеймс (Жимми) Картер (39-президент).

Дуайт Дэвид Эйзенхауэр (34-президент) АҚШ президентлари орасида биринчи ва иккинчи жаҳон урушида ҳарбий сифатида қатнашган ягона раҳбар ҳисобланади.

Уильям Ҳаррисон АҚШ президентлари орасида ўз инаугурация маросимида энг узун нутқ сўзлаган президентдир. Унинг нутқи 8 495та сўздан иборат бўлган.

Жеральд Форд (38-президент) АҚШ президентлари орасида сайланмасдан президент ва вице-президент бўлган ягона шахс ҳисобланади. У Спиро Эгнью истеъфога чиққач вице-президент, Ричард Никсон (37-президент) истеъфога чиққанидан сўнг эса президент бўлган.

АҚШ президентлари орасида энг узун исм-шариф катта Бушга тегишли. Унинг тўлиқ исм-шарифи Жорж Герберт Уокер Буш (41-президент).

Томас Жефферсон (3-президент) инаугурацияси Вашингтонда ўтказилган биринчи президент ҳисобланади. Унгача АҚШнинг биринчи ва иккинчи президентлари инаугурацияси Нью-Йоркда бўлиб ўтган.

АҚШнинг бирор президенти ўз оиласида ёлғиз фарзанд бўлмаган.

АҚШ Конституциясига кўра, президент давлатга хиёнат, коррупция, турли оғир жиноятлар ва бошқа хатти-ҳаракатлар содир этганда, импичмент орқали истеъфога чиқарилади. АҚШ тарихида уч президент, 1868 йил Эндрю Жонсон, 1999 йилда Билл Клинтон ва 2019 йил Дональд Трампга нисбатан импичмент эълон қилинган. Бу президентлар Сенатда оқланган. Яъни, қуйи палата импичмент эълон қилганига қарамай, юқори палата (сенат) импичментга қарши овоз берган. 1974 йилда Ричард Никсонга ҳам импичмент хавф солганда у суриштирувлар бошланмасидан аввал истеъфо беради. Хуллас, АҚШ тарихидаги ҳеч бир президент импичмент сабаб ишдан кетмаган.

Ричард Никсон (37-президент) ўз президентлик даврида АҚШдаги барча 50та штатни айланиб чиққан илк президент ҳисобланади.

ФОТО KP.RU

АҚШ тарихида икки президент, Жорж Вашингтон (1-президент) ва Жон Тайлер (10-президент) партиясиз бўлган. Вашингтон аввалбошданоқ партиясиз эди, Тайлер эса виглар партияси аъзоси бўлган. У президент бўлганидан сўнг «партия манфаатларига зид ҳаракат қилганликда» айбланиб партия сафидан чиқарилади. Шу тариқа, Тайлер партиясиз президентга айланади.

1926 йилдан АҚШ долларига президентлар сурати туширила бошланган.

АҚШ долларидаги президентлар:

  • 1 долларлик банкнотда 1-президент Жорж Вашингтон;
  • 2 долларлик банкнотда 3-президент Томас Жефферсон;
  • 5 долларлик банкнотда 16-президент Авраам Линкольн;
  • 20 долларлик банкнотда 7-президент Эндрю Жексон;
  • 50 долларлик банкнотда 18-президент Улисс Грант;
  • 500 долларлик банкнотда 25-президент Уильям Мак-Кинли;
  • 1000 долларлик банкнотда 22-президент Гровер Кливленд;
  • 5 000 долларлик банкнотда 4-президент Жеймс Мэдисон;
  • 100 000 долларлик банкнотда 28-президент Вудро Вильсон сурати туширилган.

Дунёда энг кўп тарқалган ва энг оммабоп ҳисобланадиган 100 долларлик банкнотда сиёсатчи Бенжамин Франклин сурати туширилган. У АҚШ президенти бўлмаган.

Агар, АҚШ президентларининг қайси штатдан чиққанига эътибор қаратсак:

  • Оҳайо штатидан 7;
  • Нью-Йорк штатидан 6;
  • Виржиния штатидан 5;
  • Массачусетс штатидан 4;
  • Техас, Теннеси, Калифорния штатларидан 3 нафардан;
  • Қолган бир бир неча штатлардан икки ва бир нафардан президент чиққан.

АҚШ президентларига турли даврларда бир неча бор суиқасдлар уюштирилган. Суиқасдлар натижасида:

  • Авраам Линкольн 1865 йилда; 
  • Жеймс Гарфилд 1881 йилда;
  • Уильям Мак-Кинли 1901 йилда;
  • Жон Кеннеди 1963 йилда ўлдирилган.

АҚШнинг тўртта президенти:

  • Уильям Ҳаррисон 1841 йилда;
  • Закари Тейлор 1850 йилда;
  • Уоррен Гардинг 1923 йилда,
  • Франклин Рузвельт 1945 йилда президентлик чоғида вафот этган. 1981 йилда Рональд Рейганга ҳам суиқасд қилинган, аммо у тирик қолган ва икки муддат, 1981-1984, 1984-1989 йилларда президентлик қилган.

2020 йил февраль ойи ҳолатига кўра бугун АҚШнинг тўрт нафар собиқ президенти ҳаёт:

Фото: Politeka

39-президент Жеймс Картер, 1977-1981 йилларда президент бўлган;

42-президент Билл Клинтон, 1993-2001 йилларда президент бўлган;

43-президент Жорж Буш (кичик), 2001-2009 йилларда президент бўлган;

44-президент Барак Обама, 2009-2017 йилларда президент бўлган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top