Ўзбекистон | 07:30 / 21.10.2023
5539
2 дақиқада ўқилади

Ёлғиз кексалар «Инсон» марказларида тиббий кўрикдан ўтказилади

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида бир йилда камида бир маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Фото: Reuters

Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан белгиланишича:

  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида бир йилда камида бир маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади;
  • ижтимоий ходимларга фуқаролардан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам  тайинлаш бўйича аризаларни қабул қилиш ваколати берилади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизими ишга туширилади. Ҳар бир фуқаро (оила) учун ижтимоий тўловлар ва имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамлар «Ижтимоий ҳимоя» АТда рўйхатга олинади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан:

  • 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади;
  • 2023 йил 15 ноябрга қадар агентликнинг тизимига кирадиган ташкилотларга тегишли бино ва иншоотларга ижтимоий ҳимоя йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини, заруратга кўра, текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш чоралари кўрилади;
  • 2023 йил 1 декабрга қадар тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш натижасига кўра ногиронлиги бўлган шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади;
  • 2024 йил 1 январга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқишга мўлжалланган «Ишонч телефони» рақами ишга туширилади.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид